19:43 / 19.09.2017
26082

Замондош. Ижтимой тармоқ «юлдузи» билан суҳбат

Дима Қаюм - бу исмни интернет саҳифаларида, ижтимоий тармоқларда кўп учратамиз. Ҳаётий ҳақиқатлар, жамият муаммоларини икки сатрга жойлаб, одамларга кулгу улашадиган, чекка бир қишлоқнинг оддий ҳаёт тарзини намоён этувчи бу инсон асли Фарғона вилоятининг Риштон туманидан. KUN.UZ “печкачи Дима” номи билан танилган тадбиркорни қидириб Риштонда бўлди. Самимий суҳбат асносида Риштон деҳқон бозорини айландик.  

Унинг айтишича, шу бозордаги катта тадбиркорга ёшликдан шогирд тушган. “Унинг меҳнатини қилдик, рози қилиб, ўзимиз алоҳида тадбиркорликни бошлаганмиз. Қиш кунларида печка, труба, ёзда эса банкалар сотамиз. Печкаларимизни усталаримиз бор, ўшалар ясайди. Андижон, Асака, Шаҳрихон, Қўқондан бўлган усталар бор, ўшалар чиройли қилиб ясаб беришади. Халқнинг хизматини қилиб юрибмиз”, - дейди тадбиркор Дилшод Болтабоев (Дима Қаюм).

Дима Қаюм Фейсбукдаги машҳур постлари ҳақида гапирар экан, уларнинг бари халқдан олинганини айтиб ўтди.

“Ўзимиз халқнинг орасидамиз. Бор ҳаётий нарсаларни кулгили қилиб чиқариб берамиз. Аслида, у нарсаларни кулгили, деб ҳам бўлмайди. Бироқ бу ҳам бир йўналиш-да. Келажакда режаларим кўп. Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Режаларимиз улкан. Фалсафий мавзуларга келсак, раҳматли Ҳожибой Тожибоев: “Халқдан олиб, халққа берамиз” деганидек, мен ҳам шу халқдан олиб, халққа бераман. Барчасининг ижодкори мен эмас, балки халқдир. Ҳаётимдан нолимайман. Худога шукр яхши, тинч яшамоқдамиз. Маиший камчилик – у камчилик эмас. Меҳнат қилинса, ҳамма нарсага етишса бўлади”, - дейди у.

У эрталаб соат 5:30лардан 19:00-19:30, баъзида эса 21:00га қадар ишлайди. “Водий халқи азалдан меҳмондўст. Тошкентдан келадиган меҳмонларни кутиб олиш ҳақида гапирадиган бўлсак, биласизми, Риштон бозоримизда нарх-наво жуда арзон. Келган ҳаммани қўлдан келганча меҳмон қилиб жўнатамиз. Меҳмон бўлиб бораман, деса, йўқ келма, демайсиз-ку. Ўзлари шундай таклиф билан чиқишади”, - дейди у. 

Риштоннинг меҳмондўст ва самимий одамлари кўнглимизда илиқ таассурот қолдирди. Дима Қаюм билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдик. 

“Ижтимоий тармоқда пост қолдириш – бу қўлдан келганча ҳазил-ҳузул қилиб, инсонларнинг кайфиятини кўтаришнинг бир йўли. Бу ҳали санъат даражасига чиққани йўқ-ку, лекин Фейсбукка бошида ишқибозчилик билан кирилди, ҳазил-ҳузул қилинди, дўстлар орттирилди. Асосийси, кайфиятни кўтаришга ҳаракат қиламан. “Раҳмат” дейишади, шуни кўриб яна ёзаман. 24 йилдан бери бозордаман. Бозорда кузатганларимни ёзаман. Ўзгаришлар жуда кўп”, - дейди Фейсбукда машҳур бўлиб кетган Дима Қаюм.

Чекка бир қишлоқнинг самимий одами. Оддий одамларнинг дарди билан яшовчи содда йигит. Суҳбатдан олган хулосамиз турлича. Шу боис, хулосани ўзингизга қолдирамиз.

Top