23:37 / 27.09.2017
11700

Мижознинг меросини нотўғри тақсимлаган банкка 4 миллиард доллардан зиёд жарима тўлаш мажбурияти юклатилди

Фото: Reuters

JPMorgan Chase банки меросни нотўғри тақсимлаганлик учун  American Airlines'нинг марҳум менежери беваси ва фарзандларига 4 миллиард доллардан 8 миллиард долларгача жарима тўлаши керак бўлади. Даллас мерос ишлари суди шундай қарор чиқарди. Dallas News'да хабар берилишича, қарор аппеляция натижасида бекор қилиниши мумкин ёки унинг ҳажми сезиларли даражада камайтирилади. 

Гап васият ёзмай, ҳаётдан кўз юмган Макс Хоппернинг мероси ҳақида кетмоқда. Унинг турмуш ўртоғи Жо Хоппер ва фарзандлари 2010 йилда марҳумнинг 19 миллион долларлик мулкини меросхўрлар орасида тақсимлаш учун JPMorgan'ни ёллаган эди. 

Ҳакамлар ҳайъати банкни фирибгарликда, фидуциар мажбуриятлар ва комиссия тўғрисидаги келишувни бузишда айбдор деб топди. 

Меросхўрларга санъат асарлари, мебель, заргарлик буюмлари, 6,7 минг гольф таёқлари ва 900 шиша вино каби активларга ҳуқуқни бериш учун банкка бир неча йил керак бўлди, дейилади оила юристларининг баёнотида. Бундан ташқари, JPMorgan'нинг масъулиятсизлиги туфайли акциялар опционларининг муддати ўтиб кетган, банк ходимлари эса  Жо Хоппернинг муайян акцияларни сотиш илтимосини рад этишган.

Жо Хоппернинг адвокатлари банк кўламининг катталиги ва баҳосини инобатга олган ҳолда ҳакамлар ҳайъатидан 2 миллиард доллар миқдоридаги зарарни қоплаш мажбуриятини юклашни сўрашган. JPMоrgan активлар ҳажмига кўра, АҚШнинг энг йирик банки ҳисобланади. Унинг 2017 йил II чоракдаги соф даромади 7 миллиард долларни ташкил қилди, капитализацияси эса 330 миллиард доллардан ошади. 

Top