Ўзбекистон | 00:29 / 05.10.2017
17898
7 дақиқада ўқилади

Лотин алифбосидаги 12 жилдлик миллий энциклопедия керакми?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Қомуси»ни нашр этиш тўғрисида»ги 306-сонли Қарорига асосан «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти томонидан 1997–2005 йиллар мобайнида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 12 та жилди (1–11-жилдлари кирилл алифбоси тартибида, 12-жилди Ўзбекистон Републикасига бағишланган) нашрга тайёрланиб, чоп этилган эди. Ижодий жамоанинг кўп йиллик машаққатли меҳнати самараси ўлароқ юзага келган мазкур миллий қомусимиз юртимиз маънавий ҳаётида жуда катта воқеа бўлганди.

Энциклопедия, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, мустақил мамлкатнинг паспортидир. Яъни ҳар қайси давлатнинг миллий энциклопедияси ўша юртнинг қудратидан, илм-фан соҳасига нечоғли эътибор беришидан, тарихи, санъати ва маданияти, илмий салоҳиятидан дарак берувчи кўзгудир.

Универсал энциклопедияни ҳамма давлатлар ҳам нашр эта олмайди. Шу боис дунёда энциклопедия нашр этадиган давлатлар унчалик кўп эмас. Халқаро доираларда универсал энциклопедиялардан Буюк Британиянинг «Британника» («Британия энциклопедияси»), Франциянинг «Катта Ларусс», Германиянинг «Катта Брокгауз» энциклопедиялари эътироф этилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб нашр этилган кўп жилдли миллий энциклопедиямизда Ўзбекистоннинг энг қадимги даврларидан ҳозиргача маълум бўлган тарихи, маданияти, табиати, иқтисодиёти, фани, адабиёти ва санъати, меъморлиги, инсоният тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз, эътиборга лойиқ ютуқларга эришган турли соҳа вакиллари, давлат арбобларининг ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, жаҳон мамлакатлари ва халқлари тарихи, маданияти, дунё эътироф этган буюк олимлар ҳақида кенг маълумотлар берилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси китобсевар халқимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Миллий қомусимиз универсаллиги ҳамда маълумотлар қамрови кенглиги боис китобхонларга ҳар томонлама манзур бўлди. Айниқса, ўқувчи-талабалар, муаллимлар, тадқиқотчилар, умуман, қизиқувчан китобхонлар учун зарур маълумотларни излаб топишда қулай кўмакчи манбага айланди.

Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунини бажариш мақсадида 1995 йил 24 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сонли Қарори эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимиз таълим тизими ва бошқа соҳаларга янги ўзбек алифбоси жорий этилди.

Ҳозирда 22 йилдан буён лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида савод чиқарганлар юртимиз аҳолисининг кўпчилигини ташкил этади. Янги алифбода чоп этилган нашрларга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб боряпти. Республика жамоатчилиги, айниқса, ёш авлоднинг тарихимиз, маданий меросимиз ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича лотин алифбосидаги қомусий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 2-нашрини лотин алифбосида тайёрлаб чоп этиш зарурати туғилди.

Албатта, миллий энциклопедиямизни янги алифбода нашр этиш вақти аллақачон етиб келган. Қолаверса, бу тўғрида нашриётимизга кўплаб хатлар келмоқда, таклифлар билдирилмоқда, нашриёт ходимлари ҳам янги миллий энциклопедияни нашрга тайёрлаш жараёнига шай туришибди.

Миллий энциклопедияни янги алифбода нашр этиш дегани, бу шунчаки 12 жилдлик энциклопедияни ўз ҳолича янги алифбога ўгириш дегани эмас. Бунда энциклопедиянинг мазмун-мундарижасида ҳам, дизайнида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлиши табиий. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»нинг 1-нашри чоп этилганидан буён ўтган 15–20 йил ичида жуда катта ўзгаришлар содир бўлди.

Хусусан, мамлакатимизнинг ўзида иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида, илм-фан, адабиёт ва санъат, спорт, қурилиш ва бошқа соҳаларда улкан ютуқларга эришилди. Кейинги йилларда юртимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида қишлоқ ва шаҳарларимизнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди, чиройли ва ҳашаматли иморатлар, замон талабларига тўла жавоб бера оладиган илм масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлади.

Шу жиҳатдан, миллий энциклопедиянинг 2-нашрини тайёрлаш жараёнида унга бир қатор ўзгартишлар (яъни энциклопедиянинг алифбо тартиби ўзгариши; айни вақтгача дунё миқёсида, хусусан, Ўзбекистонда илм-фан, иқтисодиёт, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда эришилган янги ютуқлар, кашфиётлар ҳақида маълумотлар билан тўлдириш; энциклопедиянинг аввалги нашрида берилган маълумотларни тубдан янгилаш, мазмунан бойитиш, маънавий-сиёсий жиҳатдан эскирган мақолаларни чиқариб ташлаш; аввалги нашрини тайёрлашда қўлга киритилган тажрибалардан унумли фойдаланган ҳолда келиб тушган фикр ва мулоҳазалар, талаб ва таклифлар инобатга олиниши; дунё геосиёсий харитасида рўй берган талай ўзгаришларни қайд этиш ва бошқа бир қанча ўзгаришларни энциклопедияда акс эттириш каби масалалар олдимизда турибди) киритилиши тайин.

Шунинг учун ҳам юртимиз ва дунёда содир бўлаётган воқеалар, ўзгаришлар ва янгиликлар «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси»нинг 2-нашрида лотин алифбосида ўз аксини топмоғи керак.

Бундан ташқари, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили бўлган ўзгаришлар ўз аксини топиб борадиган солнома (ежегодник)лар чоп этиб борилиши ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан бири.

Буларнинг барини амалга ошириш учун нашриётга, албатта, юртимиздаги илмий жамоатчилик ва бир қатор масъул ташкилотлар кўмаги зарур бўлади. Шундай экан, мазкур масала, назаримизда, юртимизнинг барча зиёлиларига тааллуқли улкан масаладир.

Хўш, шунча ташвиш туғдирадиган бўлса, бундай энциклопедияни чоп этиш керакми, деган савол туғилади. Жавобимиз: албатта, керак. Бунинг асосий сабабларини юқорида келтирдик. Юртимизда китоб ва китобхонлик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, лотин алифбосида «мамлакат паспорти»ни чоп этиш айни кун тартибидаги масала бўлмоғи лозим. Бу мамлакатнинг маънавий, қолаверса, илмий қиёфасини кўрсатиб бериши шубҳасиздир.

Ирода Солиҳова,
«Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриётининг илмий муҳаррири.

Мавзуга оид