19:20 / 06.10.2017
21001

Ўзбекистонда 12 мингдан ортиқ нотинч оила мавжуд

2017 йил 6 октябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси томонидан матубот анжумани ташкил этилди. Брифинг давомида бошқарма вакиллари ҳамда бошқа тегишли давлат органлари вакиллари мамлакатда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қилинаётган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ва режадаги тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Ҳозирда республикада қарийб 9 миллионга яқин оиладан 308 875таси кам таъминланган оила ҳисобланади. Шулардан 12 мингдан ортиғи нотинч, 5 мингга яқини ноқобил оилани ташкил этади. 50 мингга яқин ёшлар эса ИИВ назоратида туради.

«Ҳозирда ИИВ олдида турган энг асосий масалалардан яна бири бу вояга етмаганлар орасида жиноятлар олдини олишга эришишдир. Жорий йилда Ўзбекистондаги 9683 мактабда 5 миллиондан ортиқ, 1555та академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида 1 миллиондан ортиқ ўқувчилар таҳсил олади. Қаровсизлик, назоратсизлик натижасида ўқувчилар орасида содир этилган жиноятнинг энг асосий қисми ўғриликни ташкил этади. Президентимиз томонидан тасдиқланган норматив ҳужжатга асосан, эндиликда қайси маҳаллада жиноят содир этилса, шу ҳудудга масъул профилактика инспектори иш ҳақидан 30-50 фоиз ушлаб қолинади. Аксинча, маҳаллада тинчлик, тартиб бўлиб, жиноятлар содир этилмаса, ходимнинг маошига рағбатлантирувчи қиймат қўшиб борилади», дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси бошлиғи Азиз Икромов.

Шу йилнинг 17 сентябрь санасида Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани, Янги ҳаёт қўрғонида Политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳасан Абдурасулов шериги Владислав Ли билан бирга Саноат сервиси касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Элдор Мелибоевга тан жароҳати етказиб, электрошокер билан қийнаган ва қўл соати, Samsung русумли қўл телефонини ўғирлаган. 

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда 1504 нафар ёшлар жиноят содир этган бўлиб, уларнинг асосий қисмини (84 фоизи) академик лицей ва касб-ҳунар коллеж ўқувчилари ташкил этади. Жиноятлар содир этишда таълим муассасаларидаги давоматнинг назоратга олинмаслиги ҳам сабаб бўлади. ИИВ томонидан ўтказилган уч кунлик тадбирлар давомида республика бўйлаб ўртача ҳисобда 3 мингдан ортиқ мактаб, 7 минг нафар коллеж ўқувчиларининг дарсларга сабабсиз қатнашмагани аниқланди. 

«Шу ўринда катта муаммоли савол туғилади: Хўш, бу болалар мактабга бормай, қаерга борган? Мана шундай дарсдан қочишлар оқибатида ёшларимиз ўғрилик қилади, турли хил ташкилотларга қўшилиб қолади. Ёшларимизнинг давоматига, дарсларни ўзлаштириш кўрсаткичига катта эътибор қаратшимиз зарур. Вояга етмаганларнинг жинояти - бу мен учун фавқулодда вазиятдир. Бу каби ҳолатлар олдини олишга ҳар биримиз жиддий ёндашишимиз лозим», дея қўшимча қилди Икромов.

Top