23:44 / 14.10.2017
12581

"Ювентус" - "Лацио" ўйини драматик тарзда якунланди

Фото: Reuters

Италия чемпионатининг 8-тури кутилмаган натижа билан бошланди. 

"Ювентус" ўз майдонида "Лацио"ни қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазди. Бу амалдаги чемпионнинг нафақат жорий мавсумдаги, балки сўнгги икки йилда ўз майдонида ўтказган ўйинлардаги илк мағлубияти бўлди.

Биринчи бўлимда туринликларнинг ташаббуси сезиларли бўлди. 24-дақиқада Дуглас Коста дарвозабон қайтарган тўпга ҳаммадан бурун етиб келиб, уни тўрга йўллашга эришди. 
Иккинчи бўлимда ҳам "Ювентус" ташаббусни қўлдан бой бермади, аммо қарши ҳужумларда панд еди. 

47-дақиқада Луис Альбертонинг узатмасидан сўнг, Чиро Иммобиле Буффон билан юзма-юз чиқиб, уни доғда қолдирди.

54-дақиқада шунга ўхшаш вазиятда, Буффон Иммобилени чалиб йиқитди. Жабрланувчининг ўзи пенальтини аниқ амалга ошириб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Қолган дақиқалар "Ювентус"нинг ҳисобни тенглаштиришга бўлган бесамар уринишлари билан ўтди. 

Сўнгги сониялар эса драматик тарзда кечди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Пауло Дибала ҳисобни тенглаштириши мумкин эди. Аммо унинг узоқ масофадан йўллаган зарбасидан сўнг, тўп дарвоза устунига тегиб қайтди.

Бу ҳали ҳаммаси эмасди. Энг сўнгги дақиқада "Лацио" ҳимоячиси рақиб ҳужумчисини ўз жарима майдонида чалиб йиқитди. Аммо ҳакам буни пайқамай қолди. "Ювентус" футболчилари бош ҳакамдан такрорий лавҳани томоша қилишни талаб этишди. У эса пенальти яққол бўлганини кўрсатиб берди.

Лекин, Пауло Дибалага бугунги ўйин қаҳрамони бўлиш насиб қилмади. Дарвозабон Стракоша унинг зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди.
Бу ғалабадан сўнг, "Лацио" 19 очко жамғариб, "Ювентус"га етиб олди. 

Чемпионатда юз фоизлик натижа қайд этган "Наполи" 21 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Неаполликлар 8-тур доирасида сафарда "Рома" билан баҳслашади.

Италия чемпионати, 8-тур
Ювентус – Лацио 1:2 (1:0, 0:2)

14 октябрь, «Ювентус Стэдиум» 
Голлар: 1:0 – 23 Дуглас Коста, 1:1 – 47 Иммобиле, 1:2 – 54, пенальти Иммобиле. 
Амалга оширилмаган пенальти: Дибала (90+8)
Ювентус – Буффон, Кьеллини, Бардзальи, Лихтштайнер (Стураро, 73), Дуглас Коста (Бернардески, 54), Асамоа, Бентанкур, Матюиди, Хедира (Дибала, 65), Манджукич, Игуаин.
Лацио – Стракоша, де Врей, Раду, Марушич, Баштуш, Милинкович-Савич, Лулич (Габаррон, 84), Луис Альберто (Нани, 72), Пароло, Лейва, Иммобиле (Кайседо, 76).
Огоҳлантиришлар: Буффон (52), Стураро (90), Габаррон (90).

Top