21:00 / 01.11.2017
5844

Sony ит-роботининг янги версиясини намойиш этди

Sony компанияси чоршанба куни Aibo ит-роботининг янги версиясини намойиш қилди. Компания ҳам роботнинг ташқи кўринишига, ҳам моделнинг табиий хатти-ҳаракатларга яқинлигига асосланмоқда: ўйинчоқ думини ликиллатади, тўп кетидан қувади ва чекланган даражада ўрганишга мойил. Бу ҳақида компания сайтида хабар берилди.

Фото:sony.net

Илк Aibo (Artificial Intelligence robot - сунъий интеллектли робот қисқартмаси)лар 1999 йилда пайдо бўлган, бироқ ит-роботларнинг ишлаб чиқарилиши 2006 йилда тўхтатилган, зеро бозорда нисбатан арзон ва истеъмолчилар учун қизиқ муқобиллар пайдо бўлган.

Sony'нинг янги версиядаги роботида "кўзлар" - турли ҳиссиётларни ифодалай олувчи икки кичик экран бўлади. Бундан ташқари, у табассум қилишни билади ва қандай хатти-ҳаракатлар ижобий таъсир қилишини эслаб қолиб, соҳибининг кўрсатмаларига биноан "шахси"ни ўзгартира олади.

Фото:sony.net

Компания раҳбари Кадзуо Хираининг Токиодаги тақдимот маросимида маълум қилишича, Aibo январь ойидан Японияда сотувга чиқади, солиқларни ҳисобга олмаганда, унинг нархи 198 минг иен (1740 доллар)ни ташкил қилади. 

Sony ҳозирча Aibo'ни роботлаштирилган дўст сифатида намойиш қилмоқда. Бироз вақт ўтгач, шахсий илованинг яратилиши унинг имкониятлар кўламини кенгайтириши мумкин. Шундай бўлса-да, ўйинчоқнинг Alexa (Amazon) ва Google Home (Google) каби ақлли уйларни бошқарувчи қурилмалар билан рақобатга киришиши амри маҳол. 

Фото:sony.net

Aibo ўз эгасининг буйруғига биноан суратга олиши ёки атрофдаги воқеаларни тасвирга олиши мумкин, у шу тариқа ўз маълумотлар базасини яратади, кейинчалик робот эгаси ушбу маълумотларни махсус иловада кўздан кечириши мумкин бўлади.

Aibo'нинг бозорга чиқиши Sony'нинг сунъий интеллект ва роботлаштирувга бўлган қизиқишининг кучайишидан далолат беради, деб ҳисоблашмоқда экспертлар.

Бир кун аввал Sony жорий молиявий йил якунлари бўйича даромад компания тарихидаги энг аҳамиятли йиллардан бири эувнини тасдиқлаши ҳақида эълон қилганди. 

Фото:sony.net

Таъкидлаш жоизки, чоршанба куни Sony акциялари 11 фоизга қимматлашди ва тўққиз йилдаги максимумига эришди. 

Фото:sony.net
Top