Жаҳон | 11:40 / 02.11.2017
15635
1 дақиқада ўқилади

Мьянма етакчиси роҳингя мусулмонлари ҳудудига биринчи марта келди

Фото: Reuters

Мьянма ТИВ раҳбари ва мамлакат етакчиси сифатида қабул қилинувчи Аун Сан Су Чжи роҳингя мусулмонлари тарк этган Ракхайн ғарбий штати ҳудудига биринчи марта ташриф буюрди, деб хабар бермоқда Reuters.

Агентлик маълумотларига кўра, Мьянма етакчиси бортида бўлган ҳарбий вертолёт штат пойтахти Ситуэ шаҳрига маҳаллий вақт билан соат тахминан 9.00да (Тошкент вақти билан 8.00да) қўнган.

Бу роҳингялар уйларининг ёқиб юборилиши ҳамда уларга қуролли ҳужумлар туфайли юзага келган гуманитар инқироз бошланганидан сўнг сиёсатчининг биринчи ташрифидир.

Аун Сан Су Чжи вакилининг хабар беришича, у роҳингялар анклавлари жойлашган асосий ер – Маунгдо аҳоли пунктига ҳам боришни режалаштирган.

Агентлик маълумотларига кўра, 600 мингдан ортиқ инсон у ердан қўшни Бангладешга ўтиб кетган.

Су Чжи Ракхайнга 2015 йилдаги сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг умуман келмаганди.

Мавзуга оид