00:30 / 03.11.2017
28755

Самарқанддаги битиши чўзилаётган кўприк йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда

Автомобиль йўллари ҳар бир давлатнинг муҳим иқтисодий «қон томирлари»дир. Шундай экан, йўлларнинг ҳолати, сифати бу мамлакат иқтисодиётида муҳим роль ўйнайдиган омилдир. Айниқса, йўлларда автомобилларнинг эркин ва бемалол ҳаракатланишлари учун  қурилган ва қурилаётган кўприкларнинг аҳамияти жуда каттадир. Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимиз бўйлаб ўтган халқаро йўлларда, пойтахтимиз ва вилоят марказларида янгидан-янги кўприклар қурилмоқда, эскилари эса таъмирланмоқда.

Ана шундай муҳим кўприклардан бири бу Самарқанд шаҳрига кириш жойда Зарафшон дарёси узра қурилган кўприкдир. Бу кўприк собиқ иттифоқ даврида қурилган бўлиб, сўнгги йилларда анча таъмирталаб бўлиб қолган эди. Айниқса, кўприкнинг Самарқанддан Тошкентга борадиган қисми торроқ барпо этилган, икки қатор машиналар юриши учун камлик қилар эди.

Шу туфайли ҳам бундан қарийб бир ярим йил олдин ана шу кўприкнинг ярми бузиб олиниб, янгидан қурилиш қуриш учун ишлар бошланган эди.

Аммо, минг афсуски кўприкнинг ярми ишга тушиш муддати чўзилиб кетмоқда. Бутун мамлакат аҳолиси фойдаланадиган бу кўприкда хозирги кунда ҳаракатланиш кўприкнинг иккинчи ярмида йўлни торайтириб қўйиш орқали қилиб қўйилган. Аммо бу ҳолат ҳайдовчилар учун кўплаб ноқулайлик туғдирмоқда ва кўприк устида тез-тез  йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир бўлиб йўлнинг соатлаб ёпилиб қолишига сабаб бўлмоқда.

KUN.UZ мобиль мухбирининг хабар беришича 1 ноябрь куни  тушдан кейин айнан кўприк устида йўл ҳаракати ҳодисаси рўй берган ва усти тўла тош ва шағал ортган юк машинаси эвакуваторни босиб устига чиқиб кетган ва йўл батамом ёпилиб қолган. Буни оқибатида йўлнинг икки тарафида саноқли дақиқаларда улкан тирбандлик пайдо бўлган.

Фото: Kun.uz

Мухбиримизнинг яна хабар беришича ЙПХ ходимлари эвакуваторни юк машинасининг остидан чиқариб олиш учун кран ҳам топиб келишган, аммо анча уриниб ҳам эвакуваторни юк машинасининг остидан чиқариб олишолмаган. Мухбиримиз тирбандликда турган ҳайдовчилардан «бундай ЙТҲ ортидан тирбандлик тез-тез содир бўлиб турадими?» деб берган саволига улар «Афсуски, ҳа! Яқинда ҳам кўприк устида уч машина иштирокида ЙТҲ содир бўлиб, қатновнинг бир томони икки соатлар чамаси ёпилиб қолди», деб жавоб беришган.

Фото: Kun.uz

Янаям эътиборли тарафи — кўприкка Самарқанд томондан тушишда нишабликдан тушиб борилади, юк машиналарининг тормози қизиб кетиб, машина тўхтай олмай, бахтсиз ҳодиса рўй бериши учун ҳар дам жуда қулай шароит етилиб туради. Ҳозир кўприкнинг иккинчи яримини тиклаш ишлари якунларган, дарёз узра устун ва тўсинлар ўрнатилиб, йўлнинг равонлигини таъминлаб, асфальтлаш қолган, холос. Бироқ ғанимат бўлиб турган иссиқ кунлар кунлар бой берилаётгани кишини ўйлантиради.

Фото: Kun.uz

Бизнинг бу масалани кўтариб чиқаётганимизнинг сабаби — юқорида ҳам ёздик — кўприк Тошкентга элтадиган муҳим ва ягона йўлда барпо этилган. Ундан жанубий ва ғарбий вилоятлардан пойтахт ва водий томон отланган фуқароларимиз, шунингдек хорижий автомобиллар ҳам фойдаланишади. Шундай экан, сўнгги пайтларда кўприксозларимиз қисқа муддатда — 2–3 ойга етмасдан янгидан-янги кўприкларни тиклаётганлари ҳолда бу кўприкни таъмирлаш билан шуғулланаётган корхона нега бу кўприкнинг қарийб бир йилдан бери битказа олмаётгани ўта тажжубланарли ҳолат.

Фото: Kun.uz

Биз бу ҳодисага йўл-йўлакай баҳо бериб кетдик, бу кўприкни қайси ташкилот таъмирлаётганини билмаймиз ҳам. Шунчаки ушбу кўприкда сўнгги пайтларда рўй бераётган кўплаб ЙТҲ кўприк битмаётгани туфайли йўл торлик қилиб содир бўлаётганига эътибор қаратдик, холос. Умид қиламиз мутасадди ташкилотлар бу муаммога эътибор қаратадилар ва биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Top