22:30 / 09.11.2017
8843

«Марказий Осиё - Европа Иттифоқи учун муҳим стратегик ҳудуд»

Фото: © РИА Новости

Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистонга ташрифи арафасида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Фредерика Могерини айтиб ўтди.

10 ноябрь куни Федерика Могерини ва Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица Самарқандда бўлади ҳамда «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» минтақалараро вазирлар учрашувида иштирок этишади.

Федерика Могерини ташрифдан олдин берган интервьюсида ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик, радикаллашув ва экстремизмга қарши кураш соҳалари, шунингдек, савдо соҳаларида қалин ҳамкорлик қилишини қайд этиб ўтган.

«Бизнинг ҳар йиллик учрашувимиз ўтган йилги ютуқларни таҳлил қилиш, келгуси режаларни белгилаб олиш имконини беради», - деган у.

Комиссар Мимица эса, ўз ўрнида ЕИ ҳам Марказий Осиё учун муҳим ҳамкор эканига эътибор қаратган.

«Биз келгусида минтақадаги нуфузимизни мустаҳкамлаш ниятидамиз. Европа иттифоқи 2020 йилгача ажратадиган жами 1,2 млрд. евро миқдоридаги маблағ минтақанинг барқарор ривожланишига йўналтирилади», - деган у.

У Марказий Осиёдаги ҳамкорлар билан биргаликда янги иш ўринлари яратиш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, сув ресурларини бошқаришда самарадорликка эришиш, шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги аҳволни яхшилашга қаратилган лойиҳалар йўлга қўйилишини маълум қилган.

«Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» учрашувида хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт, сиёсий ва ЕИнинг минтақадаги роли масалалари кўриб чиқилади.

Самарқандга ташрифи давомида Федерика Могерини «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлайди

ЕИ делегацияси икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади. Хусусан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев делегацияни қабул қилади.

Мавзуга оид
Top