Афсонавий ҳинд актёри Шаши Капур 79 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Variety нашрининг хабар беришича, у узоқ давом этган касаллик натижасида вафот этган.
Болливуд юлдузи 3 декабрь, якшанба куни нафас йўллари инфекцияси билан Мумбайдаги шифохонага жойлаштирилган.
Капур болалигидан кинода роллар ижро этган. Унинг улғайгандаги илк бош роли "Тақдир арзандаси" фильмида (1961) бўлди.
Шунингдек Шаши Капур "Дайди" (1951), "Уй соҳиби" (1963), "Жаноб Шекспир" (1965), "Севги мавсуми" (1969), "Бомбей киноси" (1970) каби ленталарда ҳам суратга тушган.
Бундан ташқари, Капур Болливуднинг бошқа бир юлдузи - Амитабх Баччан билан бир неча фильмда бирга роль ўйнаган. Уларнинг орасида "Девор" (1975), "Севги - бу ҳаёт" (1976), "Содиқ хизматкор" (1982) кабиларни санаб ўтиш мумкин.
1979 йилда Шаши Капур артхаус жанридаги фильмларга продюсерлик қила бошлади. Шу билан бирга, у режиссёр сифатида ҳам фаолият юритган.
Таъкидлаш жоизки, Шаши Капур - Капурлар сулоласининг иккинчи авлод вакили ва кино тарихидаги энг машҳур актёрлардан бири Раж Капурнинг укаси ҳисобланади.