16:40 / 07.12.2017
34526

Кўпроқ ишга улгуришда ёрдам берувчи 4 қоида

Биз вақт доим камлик қиладиган ҳолатда яшаяпмиз. Бир вақтнинг ўзида бир неча вазифа устида ишлашимизга тўғри келмоқда. Ҳар куни жуда кўп маълумотга эга бўламиз, электрон почта, мессенжерлар орқали келувчи хабарлар ва қўнғироқлар эса диққатни жамлашни қийинлаштиради. Орада ижтимоий тармоқларни кўздан кечириб чиқишимиз керак: дўстларимиз ҳаётидаги ва умуман дунёдаги янгиликларни ўтказиб юбормадикми? Муҳим ишлар учун вақт ва куч-қувватни қандай асраш керак? Forbes журналисти Сергей Пигаревнинг фикрича, энг аввало, энергия захираси ва мотивацияни пасайтирувчи вақт "ўғрилари"дан халос бўлиш керак.

1. Тартибсизликни бартараф этинг

Биз иш столимиз ёки электрон почтамиздаги тартибсизлик  оқибатларини етарлича баҳолай олмасликка мойилмиз. Иш столини тартибга келтириш тахминан бир соат вақт олади, хаосда муайян бир файлни излаш эса - "атиги" икки дақиқа. Бу дақиқаларни ҳафтасига олти кун ва кунига бир неча маротаба йўқотишимиз ҳақида эса ўйламаймиз ҳам. Аслида компьютер иш столи ва почтани тартибга келтиришга вақтинчалик вақт сарфи бир неча ҳафтада қопланади. Ёдингизда бўлсин, энди сиз ўзингизга керакли файлни қидириб асабийлашмайсиз ва мотивацияни йўқотмайсиз.

Фото: Getty Images

Шундай қилингки, компьютер қаршисида ишлаётганингизда сизни ҳеч нима чалғитмасин. Бунинг учун барча предметларни (стикерлар, ручка, қаламлар, кундалик ва б.) стол чеккасига жойлаш керак. Сиз ва монитор ўртасида, шунингдек ушбу кўринмас траекториядан 10-15 сантиметр масофада клавиатура ва сичқончадан бошқа ҳеч нарса бўлиши керак эмас. Кўз олдимиздаги предметлар бизни чалғитади, диққатимизни бўлади. Сиз муайян бир вазифа устида ишлаяпсиз ва кутилмаганда кўзингиз 2-рақамли вазифа муҳрланган стикерга тушади. Сиз уни ўқиб, мулоҳаза қилгунингизга қадар бир неча дақиқа йўқотасиз.

2. Кўпроқ "қурбақа енг"

Биз доим орқага сурадиган майда ёқимсиз вазифалар бор. Бу қўл остимиздаги ходимлар билан ёқимсиз суҳбат, маошни ошириш ҳақида сўраш ёки телефон қўнғироғи бўлиши мумкин. Бундай вазифалар "қурбақалар" деб аталади. Биз ҳар куни "Бугун аниқ шу ишни қиламан" деймизу, бироқ яна ва яна уни орқага сурамиз. Бу эса бизнинг энергия ва вақтимизни олади: биз муҳим ишлардан чалғиб, хаёлан уларга қайтамиз. Кеча ёки ўтган куни шу вазифани бажармаганимиз учун ўзимизни айблаймиз ва ўзимизга бўлган ишончни йўқотамиз. Бундан ташқари, бажарилишига бир неча дақиқа кетиши мумкин бўлган ишлар вақт ўтган сари жиддий муаммога айланиши мумкин.

Кунига бир маҳал, биттадан шундай вазифани ҳал қилишга одатланинг. Ўзингиз учун қулай шароитлар яратинг: чой қуйинг, шоколад бўлагини олиб, ишга киришинг. Ёқимсиз вазифалардан эрталаб халос бўлсангиз, бу позитив ёндашувни юзага келтиради ва сизга куч-қувват бахш этади. Ўзингизни енгиб ўта олганингиздан фахр туйғусини ҳис қиласиз. Рўйхат тузинг ва ишга киришинг.

3. Фокусни сақланг

Бизнинг миямиз шундай тузилганки, бирор ишга бор куч билан киришиш учун аввал шунга созланиш керак. Илк 5-10 дақиқада биз ярим кучимизни ишлатамиз, кейин эса самарадорлик ўсиб боради. Сизни чалғитишса, созлаш жараёнини бошидан бошлашга тўғри келади. Шу билан бирга, катта вазифаларни узоқ вақт бўлакларига ажратиб  бажариш керак. Мен устувор вазифалар устида ишлаш учун "50-10-50" усулини қўллайман: 50 дақиқа бир вазифани бажарасиз, чалғимайсиз, кейин 10 дақиқага фаолият турингизни ўзгартирасиз. Энг яхшиси, офисдан ташқарига чиқиб, сайр қилган ёки енгил бадантарбия билан шуғулланган маъқул. Кейин эса яна 50 дақиқа вазифани адо этишга ажратилади.

Фото: Sony Pictures

Бундай кетма-кетликларни кунига кўпи билан икки марта амалга оширинг: улар руҳий ва жисмоний куч-қувват талаб қилади. "50-10-50" циклига яхшилаб тайёргарлик кўриш керак. Телефонни товушсиз режимга қўйинг, иш почтангизни ёпинг, ҳамкасбларингиз билан шошилинч ишларни муҳокама қилиб олинг ва ишга киришинг. Вақтни назорат қилиш учун онлайн-таймердан фойдаланинг. Сиз ўзингизни тўлиқ ишга бағишлашингиз керак, у тугагач эса - таймер жаранг сочади. Дастлаб ўзингизни бироз ноқулай ҳис қилишингиз мумкин: телефон ёки почтани текширгингиз келиб қолади. "50-10-50" усули одатга айлангунга қадар сиз 50 дақиқа ўтиб бўлмаганини унутиб, чалғишингиз мумкин.

4. "Эшкаклар"дан халос бўлинг

Бироз куч сарфлаб ва ўз иродамизни намоён этиб, бу шум "ўғри"дан бутун умрга халос бўлишимиз ва анча вақт ҳамда асабимизни асрашимиз мумкин. Гап сиз ҳар доим босиб ўтадиган "эшкаклар"ни йўлдан олиб ташлашда. Шундай қилиб, мижозларнинг материалларини ижтимоий тармоқлар ва сайтда жойлаш билан шуғулланувчи ходимларимдан бири унга сифатсиз суратларни жўнатишларидан шикоят қилди. Мижозлар суратларни қайта ишлашларига тўғри келарди, материални жойлаш билан боғлиқ муаммолар юзага келарди. Агар биз муаммо сабабини бартараф этишга қарор қилмаганимизда бу "эшкаклар" унинг йўлида ётаверган бўларди. Биз мисоллар билан "мижоз фотоёрдамчиси"ни туздик - қандай бўлмаслиги керак, ёнида эса қандай бўлиши зарурлигига оид намунавий сурат - қарабсизки, муаммо йўқолди.

"Эшкаклар" билан курашда янада чуқурлашамиз. Лойиҳаларни бошқаришда қўлланилувчи, нафақат уларни йўқ қилиш имконини берувчи, балки муаммоли вазиятлар ва бизнесдаги муваффақиятдан фойда олувчи ажойиб жиҳоз бор. У Issue BackLog деб аталади: икки қисм - муваффақиятлар ва муаммолардан иборат excel ҳужжати. Ҳар бир қисм, ўз навбатида, бир неча бўлимдан иборат: муваффақият/муаммоларнинг батафсил таърифи, муваффақиятга эришиш/муаммони келтириб чиқаришга сабаб бўлган омиллар ва олинган тажрибадан келгусидан қандай фойдаланиш. Issue BackLog'дан фойдаланиш вақт ўтган сари "эшкаклар" сонининг камайишига ва сизнинг ишингиз, сервис, товарлар ва хизматларингиз сифатини сезиларли даражада оширишга ёрдам беради.

Фото: Getty Images

Мен сўз юритган усуллар самарадорликни бир неча баробарга ошириш ҳамда оила, дўстлар ва хоббига вақт ажратиш имконини беради. Бироқ бирданига барчасига ёппасига киришманг. Ўзингиз учун энг осонидан бошланг ва жиҳоздан фойдаланиш одат тусига киргандан кейингина навбатдаги элементни қўшинг. Бундан кейин вақтингизни ўғирлашларига йўл қўйманг, зеро бу ресурсни тўлдириб бўлмайди.

Top