11:35 / 13.12.2017
23445

МХХ пора талаб қилган аёл ва фирибгарни қўлга олди

Фото: Photl

Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда тиббиёт ходимлари ва фармацевтлар малакасини ошириш Республика марказининг Фарғона вилояти филиали директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосарини порахўрликда гумонлаб қўлга олишди.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро МХХнинг ҳудудий бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унда филиал директорининг ўринбосари Маҳмуда Қодирова ундан 2 миллион сўм талаб қилаётганини билдирган.

"У бу пуллар эвазига ўқув курсларига бориш муддатини ўзгартириб бериш, шунингдек, аёлнинг машғулотларда бўлмаслигини билдирмаслик ҳақида ваъда берган. Тезкор ходимлар махсус амалиёт ўтказишди ва Қодировани талаб қилган пулни олаётганида ашёвий далил билан қўлга олишди", - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари унинг хизмат хонасини кўздан кечириш вақтида яна 10,5 миллион сўмни топишди, у бу пуллар қаердан келиб қолганини тушунтириб бера олмаган. Айни дамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимлари бу маблағлар кимдан олинганини аниқлашмоқда.

Маҳмуда Қодировага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноий иш қўзғатилди.

Давлат органлари ходими томонидан яна бир ҳуқуқбузарлик Қўқон шаҳрида фош этилди. “Сувоқава” ДУК маҳаллий филиали муҳандиси Ҳусан Жўраев сув чиқариш пункти жойлашган корхона ҳудудининг 12 сотих ерини 10 минг АҚШ долларига сотиб юбормоқчи бўлган. Бу ҳақда Қўқонда истиқомат қилувчи фуқаронинг аризасидан маълум бўлди.

"Жўраев ушбу ерни ариза берувчининг қариндоши номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган ва хизмати учун тўлов тариқасида 10 минг доллар сўраган. Муҳандис талаб қилган пулларни олиш чоғида ашёвий далил билан ушланди", - дея таъкидлаб ўтди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакили.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Ҳусан Жўраевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатди.

Top