11:40 / 01.01.2018
10234

Иордания қироли ўз укаларини истеъфога чиқариши давлат тўнтариши ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарди

Фото: Sharij.net

Иордания ҳукумати аъзолари ва парламент депутатлари якшанба куни қирол Абдуллоҳ IIни бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Al Jazeera телеканали хабарига кўра, улар Миллий мажлисга қирол сурати туширилган либосларда келишган. Шу орқали вазирлар ва депутатлар қирол билан бирдам эканликларини изҳор этишган. Телеканал маълумотига кўра, қирол кейинги вақтларда Қуддус масаласидаги позицияси туфайли АҚШ президенти маъмурияти босимига учрамоқда.

Абдуллоҳ II Қуддус мақоми сақлаб қолинишини ёқлаб чиққан ва АҚШ президенти Дональд Трампни бу шаҳарни Исроил пойтахти сифатида тан олиш бўйича фикрини қайта ўйлаб кўришга чақирганди. Қиролнинг позицияси декабрь ойида мамлакат пойтахти Оман ва бошқа шаҳарларда ўтказилган оммавий намойишлар иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланганди.

Вазирлар ва депутатларнинг якшанба кунги акцияси шу кунларда Абдуллоҳ II ҳокимиятини ағдарилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалиши фонида ўтказилди. Бироз аввалроқ мамлакат қуролли кучлари тизимидан ишдан бўшатилган шаҳзодалар Фейсал ибн Ҳусайн, Али ибн Ҳусайн ва Талал ибн Муҳаммад Иорданияда давлат тўнтариши уюштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Al Mayadeen телеканали маълумотига кўра, қиролга унинг укалари Фейсал ва Али, шунингдек, амакиваччаси Талал ибн Муҳаммад (махсус хизматлар раҳбари) қарши чиққан. Хабарда айтилишича, уларни Абдуллоҳ II Сурия ва Яман низоларига аралашувидан норози бўлаётган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон гиж-гижлаган.

Давлат тўнтариши режаси бўлмаган
Омандаги Қироллик маъмурияти "уч шаҳзоданинг истеъфоси сабаби ҳақидаги тўқималар"ни рад этиб чиқди. Petra тарқатган баёнотга кўра, ҳукумат "ижтимоий тармоқда қироллик хонадонига оид ёлғон маълумотлар тарқатиши"ни кузатиб боради.

"Бу ёлғон миллий бирликка ва Ҳошимийлар оиласининг иордан халқи билан шаффоф алоқаларига путур етказа олмайди", - дейилган ҳужжатда. Унда шунингдек, Абдуллоҳ II қуролли кучларнинг бош қўмондони сифатида "истеъфога чиқарилган шаҳзодалар Фейсал ибн Ҳусайн, Али ибн Ҳусайн ва Талал ибн Муҳаммадга энг яхши иорданиялик зобитлар сифатидаги хизмат учун миннатдорчилик билдириши" айтилган.

Айни вақтда 55 ёшда бўлган қирол Абдуллоҳ II - марҳум қирол Ҳусайн ибн Талалнинг 11 фарзандининг энг каттаси ҳисобланади - у Иорданияни 1999 йилдан буён бошқариб келмоқда. У пайғамбар Муҳаммад с.а.в.нинг тўғридан-тўғри авлоди саналади.

Top