Иқтисодиёт | 12:58 / 13.01.2018
12952
2 дақиқада ўқилади

Кичик корхоналарга ҳам қўшимча қиймат солиғи қўлланиши мумкин

Фото: KUN.UZ

13 январь куни Тошкент шаҳридаги «Тараққиёт стратегияси» марказида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича пресс-брифинг муҳокамаси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, муҳокамада Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров «2018 йилда ижтимоий аҳамиятга молик товарларнинг ички бозордаги нархи кескин ошиб кетмаслиги учун устувор вазифалар белгиланган» ва махсус жамғарма тузилгани ҳақида маълум қилди.

«Жамғарма маблағлари ҳисобидан чет элдан шакар импорт қилинмоқда, айни пайтда ички бозорда шакарнинг нархи ўртача 5000 сўм этиб белгиланишига эришдик. Келгуси йилда жамғарма кўмагида ички бозорда кескин нарх наво ўзгариб кетишини олдини олиш режалаштирилмоқда», деб таъкидлайди у.

Шунингдек, мамлакатда солиқ сиёсати ҳам танқидий қайта кўриб чиқилади.

«Биламизки, кичик корхоналар товарлар учун қўшимча қиймат солиғини тўламайди. Йирик корхоналар эса бундай солиқ мажбуриятига эга, табиийки, икки турдаги корхоналар ўртасида савдо шартномаси тузилса, товар нархида тафовут келиб чиқади. Шу туфайли, жорий йилда кичик корхоналар учун қўшимча қиймат солиғини белгилаш назарда тутилмоқда», деб қўшимча қилди А.Ҳайдаров.

Мавзуга оид