11:34 / 02.02.2018
38600

ИИВ Наманганда фоҳишахона мижозларини ҳайдаган аёл калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда “Фоҳишахона мижозларини ҳайдаган аёл калтаклаб ўлдирилди” сарлавҳаси билан тарқатилган Наманган  шаҳрида фоҳишахонага келганларни ҳайдагани учун калтакланган аёлни касалхонада ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги мақола ўз тасдиғини топмади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.  

Қайд этилишича, 2018 йилнинг 23 январь куни соат 11:06 да, Наманган шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмига, Наманган шаҳар 4-кичик туман 40-уй кириш йўлагида, фуқаро Т.О.нинг йиқилиб тушиб, тан жароҳати олганлиги юзасидан хабар келиб тушган. Воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи чиқиб, суриштирув ҳаракатлари ўтказилган. 40-уйда яшовчи фуқаролар бахтсиз ҳодиса содир бўлган вақтда ҳеч қандай шовқин ёки уруш-жанжал ҳолатини кузатмаганликлари ҳақида кўрсатмалар беришган. Шифокорлар томонидан Т.О.га гипертония касаллиги ҳисобига, бош мияда қон айланишининг ўткир гемморагик турида бузилиши, бош мия чап ярим шарлари мия ичи ва бош мия ўнг ярим шарлари ён қоринча инсульт гематомаси ташхиси қўйилиб, кўрсатилган муолажаларга қарамасдан Т.О. шу йилнинг 30 январь куни касалхонада вафот этган.

Мақолада Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан боғланиб, ходимлар воқеани тасдиқлангани ҳолати ҳам ёлғонлиги аниқланди.

Шунингдек, мақолада келтириб ўтилган бир аёл 6-микрорайонда фоҳишахона ташкил қилгани, маҳалла ёки участка нозирлари ундан улуш олиб, индамасликлари ҳолати юзасидан назарда тутилган Ҳ.Ю.га нисбатан ижтимоий тармоқларда мақола тарқатилишидан анча илгари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Ҳ.Ю. беш йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилган.

Top