08:11 / 09.02.2018
6627

Уч ой ичида Арабистон денгизида бир миллиард долларлик гиёҳванд модда ушлаб қолинди  

Фото: Reuters

Халқаро аксилтеррорчилик коалицияси кемалари охирги 3 ой ичида Арабистон денгизида бир миллиард долларлик гиёҳванд моддани ушлаб қолишди. Бу ҳақда 8 февралда АҚШ қуролли кучларининг марказий қўмондонлиги (СЕНТКОМ) матбуот хизмати маълум қилди. СЕНТКОМ тезкор жавобгарлиги ҳудудига Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Марказий Осиё киради.  

Таъкидланишича, Баҳрайнда жойлашган 150-тезкор бирлашма кемалари ўтган йил ноябридан бошлаб кемаларни кўзда кечирганда 16 тоннадан кўпроқ гашиш, 1,5 тонна героин моддаларини аниқлаб, мусодара қилишган. Бу миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг қора бозордаги нархи бир млрд долларга етади. Охирги гашиш партияси 6 февралда Покистон ҳарбий-денгиз кучлари кемаси томондан ушланган. Ушбу партия қиймати 197 млн доллардан кўпроқ 5 тонна гашишдан иборат бўлган.

Халқаро коалиция кемаларининг 150-тезкор бирлашмаси Арабистон ва Қизил денгизларида, Адан ва Уммон кўрфазлари, Ҳинд океанининг Африка шохи яқинидаги қисмида жиноий ва террорчилик гуруҳларига қарши курашиш учун ташкил этилган. 2002 йилдан патрул назорати олиб боришни бошлаган. Айни вақтда бу бирлашмага 9 та давлат – АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия, Дания, Канада, Покистон, Франция ва Япония кемалари киради. 

Қўмондонлик ротация қилиб турилади: ҳар 4-6 ойда бир давлатдан иккинчисига ўтади. Патруллаш 16 та кема томондан амалга оширилади.

Top