19:30 / 26.02.2018
15908

Санжар Турсунов ўзидан анча баланд Савонга қарши қандай жанг қилмоқчи эканини айтди

Фото: Ўзбекистон Бокс Федерацияси

WSB йўналишида мусобақаларда иштирок этаётган «Uzbek Tigers» жамоаси аъзоси Санжар Турсунов Кубанинг «Cuba Domadores» жамоаси вакили Эрисланди Савонга қарши бўлиб ўтадиган бокс жанги олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Мусобақада иккинчи марта рингга кўтариламан. Бунгача ҳам айнан эртанги рақибим Эрисланди Савонга қарши жанг қилгандим. Самарқандда бўлган бу жангда имкониятни бой бериб қўйганман. Шундан сўнг ўтган вақт мобайнида ўз устимда ишладим. Савонга қарши жанг видеоларини томоша қилдим. Унинг бошқа жангларини кузатиб, камчиликларини топишга ҳаракат қилдик. Эртага буни рингда кўрсатиб мухлисларни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.

— Ҳар бир мусобақада сизга рақиб бўлаётганлар албатта бўй жиҳатдан, табиийки қўли ҳам узун рақиблар бўляпти. Савонга қарши жангда ҳам шу тафовут. Боксда бундай ҳолатларда нисбатан бўйи паст боксчи учун қулай тактика қайси?
— Албатта 91 кг.гача вазн учун бўйим доим пастлик қилган. Лекин шунга қарамасдан имкон қадар рақибларга қаршилик қилишга, уларни мағлуб этишга ҳаракат қилиб келяпман. Энг қулай тактикага келадиган бўлсак, бу — яқин масофада ишлаш. Рақиб сизни масофада ушлаб турса, узун қўли билан кўп очко ишлаб олади. Бунга йўл қўймасдан имкон қадар унинг қўллари орасига кириб бориб ўша ерда тўхтовсиз босим уюштириш керак деб ҳисоблайман, дея гапириб ўтди Турсунов KUN.UZ нашрига берган интервьюсида.

Top