17:10 / 03.03.2018
21873

Ноқонуний қурол-яроғ эгалари аниқланди

Фото: Қорақлапоғистон Республикаси божхона бошқармаси

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи орган ҳисобланади.

Шунга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширган тезкор-қидирув тадбирлари давомида бир нечта фуқаролар томонидан қурол-яроғларнинг ноқонуний сақланаётганлигини фош қилишди, деб хабар бермоқда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи.

Нукус туманида ўтказилган тадбир давомида фуқаро Қ.Д.нинг яшаш хонадони унинг розилиги билан холислар иштирокида кўздан кечирилганда, яшаш хонадони орқа томонида жойлашган молхонаси ёнида қамишлар орасига яшириб сақлаб қўйилган, ҳеч қандай ҳужжатларсиз 2 дона ов милтиғи, 23 дона гильза, 34 дона капсюлларни ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланган.

Шунингдек, Қўнғирот туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, А.А.нинг яшаш хонадони унинг розилиги билан холис гувоҳлар иштирокида кўздан кечирилганида калибри 16 мм. 1 дона бир стволли ов милтиғи ва 3 дона гильзаларни ноқонуний равишда яширган ҳолда сақлаб қўйганлиги аниқланди.

Кегейли туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Т.нинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, бу ерда 1 дона икки стволли ов милтиғи ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақлаётганлиги фош бўлди.

Қарақалпақстан темир йўл станциясида 324-сонли Волгоград Тошкент йўловчи поезди божхона кўригидан ўтказилганида республика фуқароси Б.П. йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 9 кг. ов милтиғининг дробларини ноқонуний равишда Россия Федерациясидан Ўзбекистон Республикасига олиб келаётганлиги аниқланди.

Мазкур аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида қурол-яроғ ва ўқ-дориларни божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтиш, бу каби совуқ қуролларни тегишли рухсатномаларсиз ўз хонадонларида сақлаш билан боғлиқ бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди.

Натижада ўтган 2017 йил давомида 6 та ўқ отар қурол, 15 дона ўқ, 103 дона гильза, 10 кг дробь, 2124 дона капсула, 26 гр. порох, 496 дона пневматик патронлар, 912 дона пневматик ўқлар капсуласи, 1 дона газ тўппонча, 13 дона электрошокер далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.

Top