08:07 / 09.03.2018
15724

Дубайдан фақат аёллар томонидан бошқарилган энг катта йўловчи самолёт парвоз қилди (видео)

Фото: Видеодан кадр

8 март байрами арафасида БААнинг Emirates авиакомпанияси аёллар жамоаси томонидан бошқарилган трансатлантик парвозни амалга оширди. Компания бу билан аёллар эркаклар кўпроқ бўлган соҳалардаги вазифаларни ҳам бажара олишларини кўрсатмоқчи бўлган. 

EK 225 сонли махсус рейс Дубайдан Сан-Францискога 25 дан кўпроқ миллатга мансуб 75 нафардан кўпроқ аёлнинг саъй-ҳаракатлари эвазига минглаб миль масофани учиб ўтди. Рейс “супераёллар рейси” деб ном олди. Рейс дунёдаги энг катта йўловчи самолёти А380’да бажарилган. Самолётни канадалик Патриция Бишофф ва британиялик Ребекка Лугид бошқарган. Экипажга польшалик Вероника Формела бошчилик қилган.

Рейсга бошидан охиригача фақат аёллар хизмат кўрсатган. Рейсга тайёргарлик кўриш тасвирланган видеороликда барча ходимлар – техниклар, муҳандислар, диспетчерлар, хизмат кўрсатувчи персонал ва хавфсизлик хизмати ходимлари аёллар бўлганини кўриш мумкин.

75 дан кўпроқ аёлнинг бу ҳамкорлиги Emirates Group ходимлар таркибида турли миллат вакиллари ишлашини кўрсатади.

Компанияда турли лавозимларда 1150га яқин аёл ишлайди. Компаниянинг 40 фоиз ишчиларини аёллар ташкил қилади. 

Top