07:43 / 31.03.2018
22508

Чимкентда одамларнинг музқаймоқдан оммавий заҳарланишига нима сабаб бўлгани аниқланди

Фото: © РИА Новости/Сергей Аверин

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида одамларнинг заҳарланишига сабаб бўлган музқаймоқ уй шароитларида тайёрланган. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқ сақлаш вазирлигидан маълум қилишди, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

"Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жанубий-Қозоғистон вилояти бўйича департаменти Чимкентда одамларнинг оммавий заҳарланиши юз бергани туфайли текширув бошлади. 2018 йилнинг 29 мартидан 30 мартига ўтар кечаси Чимкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 61 киши музқаймоқ заҳарланишга гумонланиб мурожаат этган. Айни дамда 41 киши шифохонага ётқизилди (улар орасида 20 нафар бола), 20 нафар жабрланганга амбулатор даволаниш тавсия этилди. Дастлабки ташхис – ўткир ичак инфекцияси ва овқат токсикоинфекцияси", - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, жабрланганларнинг барчаси Чимкентдаги Республика шоҳ кўчасида жойлашган савдо нуқтасидан сотиб олинган юмшоқ мевали музқаймоқни истеъмол қилишган.

"Дастлабки маълумотларга кўра, музқаймоқ учун қоришма уй шароитларида тайёрланган, шу сабабдан уни тайёрлаш ва сотиш шароитлари текширувдан ўтказилмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, юқумли касалликлар шифохонасидан оммавий заҳарланиш ҳақидаги хабар 30 март куни эрталаб келиб тушди", - дея хабар беришган матбуот хизматидан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон жанубида музқаймоқдан оммавий заҳарланиш рўй бергани хабар қилинганди.

Top