01:19 / 15.04.2018
8870

Республика товар хом ашё биржаси йилнинг биринчи чораги кўрсаткичларини эълон қилди

Фото: UZEX.uz

2018 йилнинг I чорагида «ЎзРТХБ» АЖ да 5,87 трлн сўмлик битимлар тузилиб,  ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 78 фоизни ташкил этган. Шу жумладан, биржа савдо битимларининг ҳажми икки маротабага — 5,5 трлн сўмгача кўтарилди, деб ёзади «ЎзРТХБ» АЖ Матбуот хизмати.

Биржа савдо платформасида бир қатор товарлар бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан минерал ўғитлар – 11 маротабага, дизель ёнилғиси – 10 маротабага, қора металл – 5 маротабага, полипропилен – 24% га ва полиэтилен – 7% га кўтарилди. Сотилган товарлар таркибининг катта қисмини кимё ва нефть-кимё маҳсулотлари – 21%, қурилиш моллари – 18%, қора ва рангли металлар – 15% билан эгаллашди.

Биржа товарлари ҳажмини ошиши ва уларнинг номенклатурасини кенгайиши, ҳамда биржада яратилган қулайликлар эвазига 24 мингта янги мижозлар рўйхатдан ўтди ва бу ўтган йилнинг I чорагига нисбатан 9 маротабага кўпдир. Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 918 млрд сўмлик қўшимча даромад олишди.

Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларида фаол иштирок этиши ҳисобига электрон савдоларнинг ўсишига эришилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2017 йилнинг I чорагига нисбатан 31% га ўсиб, 2,9 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 2,4 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 510 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.

Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 308,1 млрд сўмлик 7,1 мингта битимлар тузилди. Харидларнинг катта қисми яъни 37% кимё маҳсулотларига, 19% – металл маҳсулотлари ва 7% – қурилиш молларига тўғри келди.

Биржанинг валюта савдо майдончаси ва электрон дўкони орқали 23,8 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Шу жумладан биржа савдолари орқали экспортга пахта толаси (улуши – 37%), полиэтилен (31%), нефть гачи ва саноат мойлари (6% дан) сотилди.

2018 йилнинг I чорагида онлайн аукционлар орқали 734 та авторақамлар, шу жумладан, уларнинг 544 таси жисмоний шахсларга, 190 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий киймати 12,1 млрд сўмдан ошди. Кўрсатилган даврда тузилган битимнинг ўртача қиймати 16,5 млн сўмни ташкил этди.

Харидорларнинг таркибий тузилмасида етакчи ўрин, яъни бозорнинг 40% ни Тошкент ва Тошкент вилоятининг автотранспорт эгаларига тегишли. Кейинги навбатда Самарқанд ва Фарғона вилоятлари (11% дан), учинчи ўринда Наманган ва Андижон вилоятлари (6% дан) нинг харидорлари жойлашган.

Кўриб чиқилаётган даврда AVTORAQAM электрон тизимида ҳар куни ўртача 11 та битим тузилган.

Top