22:59 / 15.04.2018
36496

Тошкент кўчаларидаги тирбандликлар: муаммо ва ечимлар

Фото: Новости Узбекистана

Кейинги пайтларда Тошкент йўлларида тирбандликлар кўпайиб бораётгани ҳаммани ташвишга солмоқда. Дунёнинг барча мегашаҳарларини безовта қилаётган бу муаммо бугун шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларини ҳам қийнаб, беҳуда вақт сарфлашларга, асаббузарликларга, йўл ҳаракати қоидалари бузилишларига сабаб бўлмоқда.

Тўғри, пойтахтимиз йўлларининг кенгайиши, асфальт қатламининг сифат жиҳатдан янгиланиши, кўприклар, йўл ўтказгичларнинг қурилиши, кузатув камераларининг ўрнатилиши муаммони ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Аммо, бу борада ҳали шундай «сунъий» тўсиқлар борки, уларни бартараф этмасдан туриб, йўлларимиз қанчалик равон, кўчаларимиз кенг бўлмасин тирбандлик кўпайса-кўпаядики, камаймайди.

Келинг, масалага оддий йўловчи сифатида ёндошиб, таҳлил қилиб кўрайлик.

Муқаддам Сергелидан марказга — Мустақиллик майдонигача енгил автомашинада келиш учун 20–25 дақиқа сарфланарди. Кейинчалик бу кўрсаткич 30–35 дақиқани ташкил эта бошлади. Ҳозирга келиб эса 40–45 дақиқагача ошди. Ваҳоланки, бу даврда шу оралиқдаги йўллар бир неча бор кенгайтирилди, ўтказувчанлиги оширилди.

Тўғри, аҳолининг турмуш шароити яхшиланиб, шахсий автомобиллар сони кескин ошганлигини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шунга қарамай бугунги кунда шаҳримиз кўчаларидаги тирбандликларнинг бош сабаби светофорларнинг ҳаракат оқими билан мувофиқлаштирилмаганлиги, иш режимининг оқилона белгиланмаганлиги, кўр-кўрона жойлаштирилганлиги билан боғлиқдир.

Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун қайд этилган йўналишдаги автомобиль қатновини тахлил қилиб кўрсак: Янги Сергели кўчасидан келаётган автомашина Ўзгариш даҳасига келганда 1–1,5 км узунликдаги тирбандликка учраши турган гап. Йўлнинг қарама-қарши томонида ҳам шундай манзарани кузатиш мумкин. Сабаб — шу ерда пиёдалар ўтиш жойи ва ён томон — маҳалладан чиқадиган иккинчи даражали йўл кесишмасида ўрнатилган светофор. Унинг яшил чироғи ҳар дақиқада юзлаб автомобилларни ўтказувчи асосий йўлга 40 сония, иккинчи тараф — онда-сонда ўтадиган пиёдалар ва ички кўчадан чиқиб келадиган 3–4 та автомашина учун 20 сония чақнаб туради. Яшил чироқ ёнгач, ҳайдовчи ҳаракатни бошлагунча 7–8 сония йўқотилишини, сариқ чироқ ёниши хавфини туйиб, ҳаракатни секинлаштириши ҳисобига 3–4 сония сарфланишини ҳисобга оладиган бўлсак, яшил чироқнинг автомашиналарни ўтказиш вақти 30 сонияга тенг бўлади. Яна сариқ чироқ, кейин 20 сония қизил чироқ, хуллас бир дақиқанинг фақат 30 сониясида шоҳ кўчада қатнов амалга ошади.

Агарда асосий йўл учун яшил чироқни 40 сония ўрнига 90 сония қилиб қўйилса, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти беш–олти баробарга ошган бўларди. Иккинчи даражали йўлдан автомашиналар ва пиёдалар ўтиши учун яшил чироқ учун 12 сония кифоя. Қолаверса 10–15 чоғли автомобиль ва 7–8 пиёданинг 90 сония пойлаб, тўпланиб, йўлдан ўтиши ҳеч ким учун катта фожеа эмас. Асосийси — катта йўлда тирбандлик бартараф этилади.

Ҳаракатланишни давом эттириб, Усмон Носир ва Гавҳар кўчаси (Жанубий вокзалга етмасдан) кесишмасига етиб келамиз. Бу ердаги тирбандлик ҳатто Янги Сергели ва Чоштепа кўчалари чорраҳасидаги қатновни издан чиқарадиган даражада. Сабри чидамаган ҳайдовчилар рулни пиёдалар ўтиш йўлагига солмоқда. Бақир-чақир авжига чиқади... Бу жойда ҳам айбдор — светофор. Янги Сергели кўчасидан келаётган транспорт оқими Гавҳар кўчасидаги оқимдан 3–4 марта кам бўлса-да, светофор ҳар икки тарафга тенг ишлайди. Натижада Янги Сергели кўчаси транспорт оқимига бардош бера олмай қолади. Айрим кунлари чорраҳада йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори қатновни тартибга солиб, Янги Сергели кўчаси бўйлаб транспорт ҳаракатини 50–60 секундга узайтиради. Натижада, тирбандлик тезда бартараф этилади.

Шу йўналишда ҳаракатни давом эттирамиз. Шота Руставели ва Кичик Миробод кўчалари кесишган жойда («GRAND MIR» меҳмонхонасига етмасдан) бир бирига жуда яқин ўрнатилган икки светофорга дуч келамиз.

Мазкур чорраҳада ҳам пиёдалар ўтиш жойи ва иккинчи даражали йўлда қатнов жуда сийрак бўлса-да, светофорнинг яшил чироғи у тарафга нақ 28 сония «хизмат қилади». Ҳолбуки, шу даврда Кичик Миробод кўчаси бўйлаб бу хизматдан бор-йўғи 2–3 та таранспорт воситаси фойдаланади. Шота Руставели шоҳкўчаси эса кун бўйи серқатнов...

Бизнингча, шу чорраҳадаги иккала светофорни олиб ташласа ҳам бўлади. Чунки ундан олдинги светофорда транспорт оқими тўхтаган маҳалда 2-3 автомашина шоҳкўчага монеликсиз кира олади.

Бундай ҳолатни шаҳарнинг бошқа нуқталарида ҳам кузатиш мумкин. Бизнингча, шаҳарда ўрнатилган барча светофорларда мутахассислар томонидан мониторинг ўтказиб, пиёдалар ўтиш жойи ва чорраҳалардаги транспорт оқими интенсивлигини ўрганиб чиқиш ва шу асосда светофорларнинг иш режимини белгилаш лозим.

Айтайлик, асосий йўл ва иккинчи даражали йўлнинг транспорт ўтказиш қобилияти мос равишда 80 % ва 20% бўлса, у ҳолда яшил чироқ иккинчи даражали йўлда 20 сония, асосий йўлда 80 сония ёниб туриши талаб қилинади. Пиёдалар ўтиш жойларида светофорнинг яшил чироғи йўлнинг бир тарафидан иккинчи тарафига кесиб ўтишга кетадиган ўртача вақт давомида ёниб туриши етарли бўлади. Бу вақт 12–14 сониядан кўп бўлмайди. Баъзида пиёдалар ўтиши учун ўрнатилган светофорда катта йўлда юзлаб транспорт тўхтаб тургани ҳолда йўлни кесиб ўтаётган бирорта пиёда кўринмайди. Аммо, светофор 20 сония давомида йўлни «ёпиб» тураверади. Келажакда кўчаларга «ақлли» светофорлар ўрнатилиб, бу муаммони ҳал қилиши аниқ. Ҳозирча бу ишни тегишли мутасаддилар амалга оширишга мажбур.

Светофорлар яшил чироғининг асосий кўча бўйича ёниб туриш муддатини узайтириш ва қўшимча йўлга нисбатан ёниш муддатини қисқартириш йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини бир неча бора ошириши тайин. Кўпгина хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, шоҳкўчаларда яшил чироқ 120 сониягача порлаб туради. Бу жуда кўплаб транспортнинг тўсиқсиз йўлдан ўтиб олишига имкон беради ва тирбандликнинг олди олинади. Пиёдалар ўтиш жойларида эса яшил чироқ йўлнинг кенглигига қараб 9–14 сония ишлаб туради. Шу муносабат билан светофорларни жойлаштириш, уларнинг иш режимини мувофиқлаштириш қоидалари ишлаб чиқилиши ва Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бу талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кўзда тутувчи меъёрларни кўзда тутувчи қўшимчалар киритилиши лозим.

Мазкур таклифларни амалда қўллаш пойтахтимиз ва бошқа йирик шаҳарларимизда асоссиз тирбандликларнинг олдини олиш билан бирга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўларди.

Комил Синдаров,

юридик фанлари доктори

Top