13:53 / 16.04.2018
10789

Ўзбекистонда яна бир касб байрами белгиланиши ва фахрий унвон таъсис этилиши мумкин

Фото: Pixabay

ҚҲТБТ порталида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвонини таъсис этиш ва Геология соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳалари эълон қилинган.   
 
Norma’нинг ёзишича, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог» фахрий унвонини минерал-хом ашё базасини ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳамда геология фанини ривожлантириш, ер қаърини ўрганиш ва разведка қилиш, фойдали қазилма конларини очиш соҳасида хизмат кўрсатган геология, геофизика, гидрогеология, топография-геодезия хизматлари ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги юқори малакали геологлар, муҳандис-техник ходимларга бериш таклиф этилмоқда.
 
Фахрий унвонга сазовор бўлган шахсларга кўкрак нишони топширилади. Мамлакатимизда хизмат кўрсатган геологлар учун уларни 925 пробадаги кумушдан диаметри 30 мм, қалинлиги 2,2 мм бўлган доира шаклида тайёрлаш таклиф этилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, «Хизмат кўрсатган» фахрий унвонига сазовор бўлган профессионалларнинг иш ҳақи ёки пенсиясига ЭКИҲнинг 1,6 баравари («хизмат кўрсатган артист»ларга – ЭКИҲнинг 1,8 баравари) миқдорида ойлик устама тўланади. Шунингдек фахрий унвонга эга ишловчи пенсионерлар тўлиқ миқдорда пенсия оладилар. 
 
Апрель ойининг биринчи якшанбасини Геология соҳаси ходимлари куни деб белгилаш таклиф этилди.
 
Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Top