23:54 / 18.04.2018
33448

5 кишининг ўлимига сабабчи бўлган Раҳмат Оқилов суд мажлисида айбига иқрор бўлди

Фото: LARS ALLARD / AFTONBLADET

2017 йили апрел ойида 5 нафар кишининг ўлимига сабабчи бўлган ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов орадан бир йил ўтиб, 17 апрел куни ўтказилган суд мажлисида ўз кўрсатувини бошлади. Бу ҳақда Швеция радиоси хабар бермоқда.

2017 йили 7 апрел куни Швеция пойтахти Стокҳолмда юк машинаси йўл четидаги пиёдалар устига катта тезликда келиб, урилган. Дроттнинггатан кўчасида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси тахминан 500 метр масофани босиб ўтиши билан Åhlens​ савдо маркази жойлашган бинога «​бостириб кирганди»​. Ҳодиса жойида 5 киши вафот этди, яна 15 нафар тинч аҳоли вакиллари жароҳат олди.

Асосий айбдор сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 40 ёшли Раҳмат Оқилов жиноят содир этилган куни қўлга олинган.

Мазкур ҳодиса юзасидан суд мажлиси жорий йилнинг 13 февраль куни бошланган бўлиб, 9 май куни якунланиши режалаштирилган. Судья ҳукмни жорий йилнинг июнь ойида, аниқроғи ёзнинг биринчи 15 куни давомида ўқиши кутилмоқда. Суд иши бўйича юритилаётган жилдда 150 нафар жабрланувчининг исм-фамилияси қайд этилган.

Давлат айбловчиси Оқиловга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини сўраши мумкин.

Раҳмат Оқилов суриштирув-тергов жараёнида айбига иқрор бўлиб, амалга оширилган теракт ҳодисасини якка ўзи ижро этганини маълум қилган.

«Оқилов суд мажлисида эълон қилинган 149та айблов эпизодларидан 130тасини тан олди. Суд тергови давомида ҳам судланувчи 5 нафар кишини ўлимига сабаб бўлганига тўлиқ иқрор бўлди», дейилади радио хабарида.

Суд мажлиси пайшанба куни давом этади ва унда жабрланувчиларнинг оила аъзолари нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Top