Light | 23:01 / 18.04.2018
26824
5 дақиқада ўқилади

Kakebo: Пулларни йиғиш ва сарфлашнинг японча усули

Фото: lifehacker

Блокнот ва қўлда ёзишни яхши кўрувчи барча кишилар бюджетни юритишнинг бу тизимини маъқуллашади. "Лайфхакер" шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Kakebo нима?

Kakebo сўзи — бу уйдаги тежамкорликни билдирувчи уч иероглиф. Бундай молиявий тизим япониялик Мотоко Хани томонидан ўйлаб топилган.

Kakebo тизими йиғимларни оширишга йўналтирилган ва "тома-тома кўл бўлур" тамойилига кўра ишлайди. Пулларни оз-оздан, лекин мунтазам йиғишга тўғри келади.

Kakebo учун нима қилиш керак бўлади?

Мотоко Хани тавсиясига кўра бюджет юритиш учун сизга икки блокнот керак бўлади - катта ва кичик. Каттасига барча даромадларингизни ёзиб борасиз, харажатлар ва йиғимларни режалаштирасиз. Кичик блокнотни ўзингиз билан олиб юришингизга тўғри келади - унга реал вақт режимида барча чиқимларингизни ёзиб борасиз, ҳеч нима эсингиздан чиқмасин.

Ёзувларни қандай киритиш керак?

Кичик блокнотда ҳаммаси тушунарли бўлса керак: сиз ҳар сафар пул сарфлаганингизда унга чиқим миқдорини киритиб борасиз. Катта блокнотни эса ўзингизга қулай қилиб чизиш мумкин. Ундан қуйидагилар ўрин олиши керак:

  • Бир ойлик даромадлар режаси. Уни жадвал ёки рўйхат шаклида юритиш мумкин. Муҳими, унда барча кирим воситаларини қайд қилиб бориш: аванс, иш ҳақи, қайтарилган қарзлар, ноутбук сотувларидан тушган маблағ ва ҳоказо. Ой бошида ишончингиз комил бўлган даромадларингизни киритинг, кейинроқ эса бошқа рангдаги ручка билан ёки босма ҳарфлар билан қўшимчалар киритиш мумкин.
  • Бир ойлик тежамкорлик режаси. Бу саҳифада сиз омонат ҳисобингизга ёки йиғимларингиз турадиган жойга неча пул олиб қўйишни исташингизни кўрсатасиз. Бу суммани харажатларни режалаштиришдан олдин аниқлаб олиш керак.
  • Бир ойлик харажатлар режаси. Унга доимий чиқимларнинг барчаси киритилади: коммунал тўловлар, квартира ижараси учун тўлов, алоқа ва интернет хизматлари учун тўловлар.

Мажбурий харажатлар ва йиғимлардан ташқари қолган пулларни тўрт тоифага ажратиш таклиф қилинади:

  • Ҳаётий заруратлар учун харажатлар: озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал.
  • Маданият ва таълим: ўқиш, тренинглар, маданий масканларга чипталар.
  • Дам олиш: дўстлар билан учрашув, кинога бориш, қисқа саёҳатлар.
  • Бошқалар: илк уч тоифага кирмайдиган барча харажатлар.

Агар харажатларингизни тўғри режалаштирсангиз, бир ой давомида жадвал доирасидан чиқмасликнинг уддасидан чиқасиз.

Kakebo тизими фақат ёзувлар билан чекланиб қолмайди. Ҳар ой охирида режага риоя қилдингизми ёки йўқ, қаерда тежай олдингизу қаерда ортиқча харажат қилдингиз - таҳлил қилишингизга тўғри келади. Бу келгуси ойлар бюджетини аниқроқ тузиш ва қайси чиқимларга тузатиш киритиш кераклигини кўрсатади.

Kakebo тизимига кўра қандай пул йиғиш керак?

Тизимда сизга йиғимларни самаралироқ оширишга ёрдам берувчи қўшимча ҳийлалар бор.

  1. Ҳар куни чўнтагингизда қолган майда пулларни пул йиғадиган идишингизга солиб қўйинг. Бугун бир уюм майда пулдек кўринадиган нарса ой охирига бориб анчага етиб қолади.
  2. Қайтарилган қарзларни тўлиқ пул йиғадиган идишингизга "йўлланг". Умуман олганда, бу даромад эмас, сиз шунчаки ўтган ойги пулларни қайтардингиз.
  3. Йирик купюраларни майдалаганда кичик фоизини "хазинангиз"га қўшинг, кейинчалик бу пуллар йирикроқ суммага айланади.
  4. Ўзингиз учун жарималар тизимини ишлаб чиқинг. Зарарли одатларингиз ёки спорт машғулотларини қўйиб юборганингиз учун ўзингизни молиявий жазоланг: масалан, 1000 сўмдан "хазина"га. Ҳар қайси ҳолатда ҳам фойда оласиз: ё сиз бойиб кетасиз, ёки қатъий тартибга риоя қилишни ўрганасиз.
  5. Сарфлаш ниятингиз бўлмаган пулларингизни тўрт ҳафтага тақсимланг. Етти кунлик бюджетдан ташқари қолган пулларни ҳафта охирида олиб қўйинг.
  6. Шошилинч бўлмаган харидларни бир ойга кечиктиринг. Агар 30 кундан кейин ҳали-ҳануз ўша нарсани қўлга киритгингиз келса, шундай қилинг. Бироқ баъзан вақт ўтиб баъзи нарсалар у қадар зарур бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин.

Kakebo'ни замонавий технологияларда татбиқ қилиш

Тизим икки блокнотга мўлжалланган, бироқ жорий харажатларни иловага ёзиб бориш ҳам зиён қилмайди, асосий молиявий китобнинг ўрнига эса Excel жадвалидан фойдаланиш мумкин.

Мавзуга оид