11:46 / 05.05.2018
5594

Торонтога режалаштирилган рейс енот туфайли қолдирилди

Фото: ТАСС /Петр Ковалев

Самолёт ичига кириб олган енот (сарғиш-кўл ранг муйнали кичкина ҳайвон) Канаданинг Торонто шаҳрига амалга оширилиши лозим бўлган рейснинг бекор қилинишига сабаб бўлди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

Ҳодиса Саскатун шаҳри аэропортида юз берган. Air Canada авиакомпанияси маълумотларига кўра, ҳайвон техник ходимлар қурилмани ёқишидан аввал кондиционер ичагига яшириниб олган. У ишга туширилгач, енот самолётнинг вентиляция тизимига тушиб қолди.

Аэропорт ходимлари енотни чиқариб олиш учун ҳаво кемаси панелини ечишга мажбур бўлдилар, бу эса бир неча соат вақтни талаб қилди.

Гувоҳнинг сўзларига кўра, ходимлар «ҳайратдан ёқа ушлашган ва нима қилишни билишмаган».

«Биринчи соат давомида ҳаммаси худди романдагидек бўлди. Ҳеч ким ҳеч қачон шундай ҳолатга дуч келмаган экан», - дея айтиб ўтди йўловчилардан бири.

Ходимлар енотни лайнердан чиқариб олишди, бироқ ҳайвон шу заҳотиёқ техниклардан қочиб кетди. Йўловчиларга товон сифатида таом харид қилишга ваучерлар ва бўлажак рейсларга чегирмалар тақдим этилди.

 

Top