ИНТЕРВЬЮ | 20:01 / 08.05.2018
58795
4 дақиқада ўқилади

Шомаҳмудовлар «ўн тўртлиги»нинг тўнғич қизи билан суҳбат 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 26 апрелида бўлиб ўтган йиғилишида Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга кўчириб келтирилган етимларнинг 14 нафарини ўз бағрига олиб, ўзбек миллатининг бағрикенглигини намоён этган Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида эслаганди. Президент Шомаҳмудовлар оиласи ўзбекона меҳр-оқибат тимсоли эканини таъкидлаб, ушбу оила хотирасига ўрнатилган ёдгорликни эски жойига қайтариш, Шайхонтоҳур тумани ҳудудидаги аввал Шомаҳмудовлар номи билан юритилган Боғ кўчага эски номини қайта тиклашни топшириқ қилганди. 

Иккинчи жаҳон уруши даврида Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри Акрамова урушда ота-онасини йўқотган турли миллат вакилларининг фарзандларини асраб олган эди. Кейинроқ бу оила ҳақида режиссёр Шуҳрат Аббосовнинг «Сен етим эмассан» фильмида кенгроқ ёритиб берилган. 

Фото: Kun.uz

Темирчи Шоаҳмад ота ва Баҳри она аслида фарзандсиз эди. Уларнинг бутун ҳаёти меҳнатда ўтган. Улар уруш йилларида рус, беларусь, татар, яҳудий, молдован, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб 14 нафар етимни асраб олиб вояга етказишган. Шоаҳмад ота «Ҳурмат белгиси» орденига лойиқ кўрилган, Баҳри она эса «Қаҳрамон она» деб эътироф этилган.

Ўша вақтда хизматлари юқори баҳоланиб Шомаҳмудовлар оиласи яшайдиган кўча оиланинг номи билан аталган эди. 1982 йилнинг 26 майида Тошкент шаҳрида ушбу оила хотираси учун «Халқлар дўстлиги» ёдгорлиги ўрнатилганди (ҳозирги «Бунёдкор» метро бекати яқинидаги «Истиқлол» санъат саройи ёнида). 2008 йилнинг 12 апрелида бу ёдгорлик шаҳарнинг чекка ҳудудига кўчириб юборилган. 2017 йилнинг 1 майида эса ёдгорлик Яккасарой туманидаги Дўстлик боғига жойлаштирилган. Ҳозирги кунда эса ёдгорлик яна ўз ўрнига қайтмоқда.

Фото: Kun.uz

«Kun.uz» ижодкорлари қаҳрамон оиланинг аҳволидан хабар олиш мақсадида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Жарариқ маҳалласида истиқомат қилувчи оиланинг катта қизи Ольга Тимонинанинг уйига ташриф буюрди. Ташриф чоғида тақдир тақозоси билан ҳақиқий ўзбек аёлига айланган молдаван аёл қиёфасига гувоҳ бўлдик. 

Ольга Тимонина бизга Иккинчи жаҳон уруши ва унинг асоратлари, Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳамда Шомаҳмудовлар оиласи қандай оила бўлгани ҳақида сўзлаб берди. Шу билан биргаликда, ёшлигини эслаб ширин ва аччиқ хотираларини ўртоқлашди. Улар билан суҳбатлашиб кўз ўнгимизда машаққатли ҳаёт синовларига матонат билан жавоб қайтарувчи халқимиз гавдаланди.

«...бор ойингнинг олдига бор. Ойингга қараш деб дадам ҳайдардилар. Йўқ, мен сизнинг олдингизда ишлайман деб дадамларга қарашардим. Дадамнинг ишлари кўп эдида. Шунинг учун, қиз бола бўлсам ҳам дадамларга қарашардим. Дадам экинларни суғораётганида сув камайса, ариқ бошига бориб қараб келардим. Кўмирга навбатда туриб, дадам билан кўмир олиб келардик. Газ, электр кўрмаганмиз биз. Бўлмаган у нарсалар. Давлат томонидан чигит, кунжара бериларди. Олиб келардик. Меҳнатдан қочмасдик. Дадам ва ойим жуда меҳрибон эди. Ёмон иш қилсак, дарров уршарди. Тарбияларди, раҳматли бўлишсин», - дея хотираларини эслаб ўртоқлашди Ольга Тимонина.

Фото: Kun.uz

«Қари билганни пари билмас», дейди доно халқимиз. Ольга Тимонина ўзбек халқининг урушдан кейинги ҳаётини ҳам сўзлаб берди. Биз Ольга Тимонинанинг ҳаёт йўли ҳақида кўп нарсаларни билиб олдик. Ольга Тимонина суҳбат сўнгида биз ёшларга соғлиқ тилаб, «Ватанимиз бошқа уруш кўрмасин ва доим тинчлик бўлсин» дея дуо қилди.

Биз «Kun.uz» ижодкорлари  Ольга Тимонинага узоқ умр ва соғлик-саломатлик тилаб хайрлашдик. Унга фарзандларининг роҳатини кўришни Яратгандан сўраб қоламиз.

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид