14:21 / 11.05.2018
5428

Instagram фаолиятида глобал узилиш қайд этилди

Бутун дунё фойдаланувчилари Instagram ижтимоий тармоғи фаолиятидаги узилиш ҳақида хабар беришмоқда. Downdetector сервиси маълумотлари шундан далолат бермоқда.

Россия, Марказий Европа, АҚШ, Буюк Британия, Бразилия, Япония ва бошқа қатор мамлакатларда ижтимоий тармоқ фаолиятида носозлик қайд этилган. Хабарлар 10 май куни кела бошлаган. Деярли бир соат давомида фойдаланувчилар ўз аккаунтига кира олишмаган, лентани янгилашнинг иложи бўлмаган ва янги пост жойлай олишмаган.

Instagram'нинг расмий блогида узилишлар ҳақида хабар йўқ.

Март ойи бошида Instagram овозли ва видеоқўнғироқлар функцияларини ишлаб чиқа бошлагани ҳақида маълум қилинганди. Ҳозирча иловада фақат шахсий ёзишмалар орқали мулоқот қилиш мумкин. Апрель охирида ижтимоий тармоқ функциялари сони фойдаланувчи профилидаги бутун контентни юклаш имконияти билан тўлдирилди. 

Таъкидлаш жоизки, апрель ойи охирида бутун дунё фойдаланувчилари  бир неча соат Telegram мессенжерига кириш имконидан маҳрум бўлишган эди. 

 

Top