10:40 / 14.05.2018
5537

Европа инвестбанки Ўзбекистонга 500 млн долларлик илк кредитларни ажратишга тайёр

Фото: eib.org

Европа инвестицион банки (ЕИБ) Ўзбекистонга умумий қиймати 500 млн доллар бўлган илк кредитларни тақдим этишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди, деб ёзяпти Spot.

«Европа инвестицион банки ўз фаолиятини ҳадли кредитларни ажратиш йўли билан бошлашга тайёр. Молиялаштириш ҳажми қарийб 500 млн долларни ташкил этади», - дейилади лавҳада ЕИБ вице-президенти Васил Худакка таянган ҳолда.

Телеканал маълумотларига кўра, ЕИБ маблағларни сув ресурсларини бошқариш, иссиқлик таъминоти, энергия самарадорлик ва аграр соҳадаги лойиҳаларга ажратишни режалаштирмоқда.

«Молиялаштириш шакли (ҳадли кредитлар) – Ўзбекистонга ўз манфаатлари ва устувор вазифаларини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш мумкин бўлган лойиҳаларни танлашда катта йўл очиб беради», - дейилади лавҳада ЕИБ вице-президенти Васил Худакка асосланиб.

Ўзбекистон ва Европа инвестицион банки мамлакат ҳудудида банк фаолияти бўйича келишувни 2017 йилнинг октябрида имзолаган.

 

Top