12:20 / 14.05.2018
23602

Ногиронларга давлатнинг ортиқча пули йўқми? Кўзи ожизлар жамияти вакилларига маош берилмаяпти

Одатда соғлом одамлар ўзларидаги бебаҳо неъматларга ношукрлик қилишади. Йўқса, жисмонан имконияти чекланганларга бошқача нигоҳ билан қараган бўлишарди. Гап «Kun.uz» сайтида бир йил муқаддам тилга олинган «унутилаётган одамлар» ҳақида. Таҳририятимизга келган бир мурожаат эътиборимизни тортди. Қўнғироқлашдик. Ўша самимий ва чорасиз овоз. Шундан сўнг водийга сафаримиз чоғида Фарғона шаҳрида бўлдик. «Кўзи ожизлар жамияти» Фарғона вилояти бўлими манзили сари йўл олдик. Бизни жамият раиси Баҳодиржон кутиб олди. Бирров Фарғона оқшомида сайр қилдик. Улар билан самимий суҳбатда бўлдик.

Баҳодир Болтабоев: Кўзи ожизлар жамияти Республика миқёсида ташкил этилган кўзи ожизларни кўллаб-қувватлайдиган ягона жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Тарихи ҳақида фикр юритсак, мана 86 йилдан бери фаолият кўрсатиб келяпти.

Журналист: Хўш,бу жамият асосан нима вазифа билан шуғулланади?

Баҳодир Болтабоев: Жамиятнинг асосий мақсади - кўзи ожиз ногиронларни жамиятда ягона манфаат йўлида бирлаштириш. Уларнинг орасида уйда қолиб кетган жамият аъзолари, ўқишга кира олмаганлари ва ишга жойлаша олмаганлари бор. Шуларни турли хил кўрик-танловлар ташкил этиш орқали руҳий қўллаб-қувватлашдан иборат.

Журналист: Жамиятнинг қанча аъзоси бор?

Баҳодир Болтабоев: Бизнинг вилоятимизда 7054 нафар кўзи ожиз ногиронлар бор. Жамият шу аъзолар учун семинар-тренинглар ташкил этади. Ҳомийлар топиб, ижтимоий реабилитация воситалари ва «Брайл» (кўзи ожизлар учун махсус алифбо)  дафтарлари тарқатилади.

Журналист: Жамият қайси  маблағлар орқали ушбу тадбирларни ўтказади? Ҳозирги кунда бу бўйича муаммолар борми?

Баҳодир Болтабоев: Барчаси ҳомийлар орқали ташкил этилади. Муаммолар асосан иш ҳақи тўхтаб қолгани сабабли бўлмоқда. Бюджет ҳисобидан 9та штатга иш ҳақи 26 йил давомида узлуксиз бериб келинар эди. Хайрияни иш ҳақи қилиб ишлатиш ноқулайлик туғдиради, қолаверса, бу пуллар маошларнинг ярмини ҳам қоплай олмайди. Маош тўлаш 2018 йилнинг январь ойидан бери тўхтаб қолди. 2017 йил ҳам тўхтаб қолган эди. «Kun.uz» сайтининг аввалги йили эълон қилган «Унутилаётган одамлар» номли мақоласидан сўнг вазият ўнгланган эди...

Журналист: Нега ҳокимлик мутасаддиларига мурожаат қилмаяпсиз?

Баҳодир Болтабоев: Биз декабрь ойида мурожаат қилгандик. Ҳар йили вилоят ҳокимига йиллик иш ҳақи бўйича мурожаат қиламиз. Улар шу асосда Молия бошқармасининг тавсияси билан ойлик иш ҳақига фармойиш чиқариб беришарди. Бу йил эса вазият ўзгарди. Молия бошқармаси бу гал салбий тавсия берган. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси текширувга келганда, биз бу маблағни жамиятга йўналтирганимизни тушунтириб бера олмаймиз дея жавоб беришди. Жамиятга давлат бюджетидан маблағ берилиши кўрсатилмаган, деб таъкидлашди. Шундан сўнг, Ҳисоб палатасига бордик. У ердаги мутахассисларга вазиятни тушунтирдик. Палата вилоятга шу масалада қўнғироқ қилган. Лекин бу уринишларнинг амалий ечими бўлгани йўқ.

Фото: Kun.uz

Журналист: Бу масала бўйича вилоят ҳокимлиги ва мутасаддиларига тушунтиришнинг имкони бўлдими?

Баҳодир Болтабоев: 2018 йил январь ойидан бери кўриша олганимиз йўқ. Уларнинг юмушлари кўпайгани сабабли, кўп вақтлари туманларда ўтмоқда деб жавоб беришмоқда. 9 февраль куни ҳокимнинг ўзи билан учрашдик. Бу йиғилишда ҳоким бизга юзланиб, «Йигирма олти йилдан бери иш ҳақи олар экансизлар, ўзи шу вақт мобайнида нима иш қилдинглар?» деди. Етмиш ёшли жамият фахрийси бу саволга жавоб беришга чоғланганида эса, ҳоким молия бошқармасига юзланиб: «Булар нима иш қилди ўзи?» дея гапиришга йўл қўймади ҳам. Бир йил ҳам фаолият олиб бормаган молия раҳбари ҳеч нарса қилмаган деб тасдиқлади. Шу ерда «Давлатнинг ортиқча пули борми, ҳеч нарса қилмабсизларку» деб бизни ташқарига чиқариб юбордилар. Вазият мураккаблашиб кетмаслиги учун қайта бирор фикр айтмадик ва мурожаат қилмадик.

Суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз Баҳодиржонга яхши тилакларимизни изҳор этдик. Шундан сўнг биз Фарғона вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Садриддин Қўчқоров билан боғландик. Мазкур масала юзасидан унинг изоҳини олдик. Улар «Кўзи ожизлар» жамияти бюджет ташкилоти эмаслиги сабабли маблағ ажратилмаганини маълум қилди. Бироқ жамиятга бошқа манба ҳисобидан (96 млн сўм) бир йиллик ойлик иш ҳақи маблағини ўтказиб беришларини, бу муаммо 2 кун ичида ижобий ечим топишини таъкидлади.  Аммо ундай «2 кунлар»дан кўпи ўтиб кетди. Муаммо эса ечилгани йўқ. 

Шуни унутмайликки, «унутилаётган одамлар» аслида бизнинг кимлигимизни ёдга солиб турувчи улуғвор инсонлардир!

Top