00:06 / 17.06.2018
3879

Италия бортида ноқонуний муҳожирлар бўлган кемаларни қабул қилишдан бош тортмоқда

Фото: Reuters

Италия ички ишлар вазири Маттео Сальвини 16 июнда Италия бортида ноқонуний муҳожирлар бўлган иккита янги кемани қабул қилишга тайёрмаслигини маълум қилди.  

Сальвинининг маълум қилишича, Lifeline ва Seefuchs кемалари Ливия соҳиллари яқинида қолмоқда. Кемаларнинг бортида контрабандачилар томонидан ташлаб кетилган муҳожирлар бор.

“Бу кимсаларга маълум бўлсинки, Италия ноқонуний миграция бизнесига бошқа аралаштирилишини истамайди ва шу сабабли бу кемалар бора оладиган бошқа порт қидиришингизга тўғри келади”, деб ёзган Сальвини фейсбукда.

Сальвинининг маълум қилишича, Италия аввалроқ қабул қилишни истамаган Aquarius кемаси Испанияга 17 июнда етиб келиши кутилмоқда.

Аввалроқ Италия ва Мальта бортида 629 ноқонуний муҳожир бўлган Aquarius кемасини ўз портларига киритишдан бош тортганди. Кемадаги одамларнинг Ўрта ер денгизида ўтказилган қутқарув амалиётлари давомида ҳаётлари сақлаб қолинган. Икки давлат, БМТ ва Европа иттифоқининг кемани қабул қилишга чақиришига қарамай, уни қабул қилмасликка қарор қилган. Шундан кейин Испания ҳукумати кемани Валенсия портида қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Top