18:05 / 18.06.2018
9998

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топшириш жараёни бошланди 

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топшириш жараёни бошланди.

Қабул комиссияси Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани, Зиёлилар кўчаси, 9-уй (Инҳа университети)да жойлашган. 

Жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсияси асосида Университетнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича абитуриентларни олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш кириш тест синовлари билан бир қаторда уларнинг касб лаёқатини аниқлашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон (ёзма ва суҳбат шаклида) ўтказиш орқали амалга оширилади.

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ЎзМУ ва ЎзДЖТУда «Журналистика» таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, «Олий журналистика курслари» бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар.

Сиртқи таълим шакли бўйича қабул квоталари 2018/2019 ўқув йилида Университет бакалавриат таълим йўналишлари учун белгиланган қабул квоталарининг 30 фоизигача бўлган миқдорда белгиланади.

Жорий йилнинг 28 май куни эса Халқаро Пресс клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси президентининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ректор этиб тайинлангани маълум бўлганди.

Top