Жаҳон | 12:31 / 09.07.2018
37607
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 52 ўзбекнинг ҳаётини олиб кетган ёнғин бўйича иш судга оширилди

Фото: Қозоғистон ФВВ

Январда Қозоғистоннинг ғарбида 52 кишининг ҳаётини олиб кетган автобусдаги ёнғин бўйича жиноий иш судга топширилди. 

Воқеа Қозоғистоннинг Оқтўбе вилоятида юз берганди. Самара-Чимкент йўналиши бўйича қатновчи автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Автобусда ҳаммаси бўлиб 57 киши бўлган. 5 киши, жумладан автобуснинг ҳайдовчилари бўлган 3 қозоғистонлик тирик қолганди. Аввалроқ прокуратура ёнғинга ҳайдовчилар томонидан автотранспортдан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши сабаб бўлганини маълум қилганди.

Маълум қилинишича, ушбу ёнғинда 5 киши: автобуснинг ҳайдовчилари ва автобуснинг рейс олди техник кўригига жавоб берган “Азия транзит сервис” компаниясининг таъсисчиси ва механиги айбдор деб топилган.

Компания таъсисчиси тижорат ташкилотларида ўз вазифаларини тегишлича бажармаслик, икки ёки ундан кўпроқ шахснинг ўлимига олиб келган, носоз автотранспортни фойдаланишга чиқариш, расмий ҳужжатни қалбакилаштириш, қалбаки ҳужжатдан фойдаланиш моддалари бўйича жавоб беради.

Механик эса икки ёки ундан кўпроқ шахснинг ўлимига олиб келган, носоз автотранспортни фойдаланишга чиқариш, ҳайдовчилар эса икки ёки ундан кўпроқ шахснинг ўлимига олиб келган, автотранспортдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши ва эҳтиётсизлик сабабли икки ёки ундан кўпроқ шахснинг ўлимига олиб келган, ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши моддалари бўйича жавоб берадилар.

Ҳайдовчиларга эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олиш, компания таъсисчиси ва механигига эса гаров пули эвазига озодликда қолиш чораси қўлланган. Бундан ташқари, автобус эгаси халқаро қидирувга берилган. 

Мавзуга оид