18:50 / 23.07.2018
5402

Божхоначилар аэропортда 101 миллион сўмлик заргарлик буюмларини тўхтатиб қолишди

Заргарлик буюмларини Деҳлига ноқонуний олиб кетишга уринган фуқаро М.З. Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари томонидан тўхтатиб қолинди. У “қизил” йўлакдан ҳаракатланиб, 62 миллион сўм қийматдаги 413 грамм заргарлик буюмларини божхона декларациясида қайд этмаган. 

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, ходимларнинг ҳушёрлиги сабабли ушбу қимматбаҳо заргарлик буюмларини ноқонуний хорижга олиб чиқишга чек қўйилди. Бундан ташқари, «Истанбул-Тошкент» йўналиши бўйига учиб келган фуқаро Н.Л. эса қиймати 39 миллион сўмдан ортиқ 186,6 грамм заргарлик буюмларини Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ушбу иккала ҳолатда божхоначилар қонунбузарлардан умумий қиймати 101 миллион сўмга тенг, қарийб 600 грамм заргарлик буюмларини ашёвий далил сифатида олиб қўйишди. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.​

Top