18:08 / 04.08.2018
4390

Тошкентнинг уч гранди бош мураббийлари ойнинг энг яхшиси бўлиш учун рақобатлашмоқда

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мавсум бошидан буён ҳар ой энг яхшиларни аниқлаш учун ўтказиб келаётган сўровномасини давом эттиради.

Мазкур соровномада Суперлиганинг 12 та клуби бош мураббийлари ва сардорлари иштирок этади. Мухлислар овози эса бундан буён ПФЛ расмий сайтида бўладиган сўровнома орқали қабул қилинади. 

Биласиз, июнь-июль ойларида Россия яшил майдонларида Жаҳон чемпионати-2018 бўлиб ўтди. Шу сабабдан Суперлигада қисқа танаффус юзага келди ва июнь ойида фақатгина битта тур ўйини ташкил этилди. Шуни инобатга олиб, июнь ва июль ойлари учун битта сўровнома ташкил қилишга қарор қилинди. Зеро битта тур натижалари инобатга олиниб, июнь ойининг энг яхшилари аниқланиши бироз ножоиз бўлар эди.

Шу тариқа, июнь ойидаги битта тур ва июлдаги 5 та тур учрашувларида ўзларини яхши томондан кўрсата олган лауреатлар аниқланиши жараёни бошланди.

Ортда қолган 6 та тур учрашувларида Андрей Фёдоров бошчилигидаги “Локомотив” жамоаси 5 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди. Миржалол Қосимов устозлигидаги “Бунёдкор” ва Шота Арвеладзе раҳбарлигидаги “Пахтакор” эса 1 мартадан мағлуб бўлишди.

Қайд этиш жоизки, Арвеладзе 4-марта ойнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар қаторидан ўрин эгаллади. Миржалол Қосимов ҳамда Андрей Фёдоров эса ҳозирга қадар 2 мартадан ойнинг энг яхшиси бўлиш учун даъвогарлар сафидан жой олишган эди.
 
Ойнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар
Андрей Фёдоров (“Локомотив”) – 5 ғалаба, 1 дуранг
Миржалол Қосимов (“Бунёдкор”) – 3 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият 
Шота Арвеладзе (“Пахтакор”) – 4 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суперлиганинг июль ойидаги энг чиройли голлари эълон қилинганди.

Top