15:59 / 08.08.2018
14294

Тошни тешган томчилар: Юксак мартаба сари

Мен ой томонга йўл олдим, йўлдан адашган чоғимда ҳам юлдузлар орасига тушаман.  

Шунга ўхшашроқ манзарани балиқчиларнинг ҳаётида кўрганман. Балиқ овловчилар тўрларини сувга ташларкан, таваккал билан тўрни узоқроққа отадилар. Улар тўрларига нимадир илинишига ишонадилар ва шундай бўлади, тўрга бир қанча балиқлар илинади. Яъни, инсон бу ҳаётда узоқроқни мўлжал олиши лозим. Уч юз метрга югуриши керак бўлган спортчи беш юз метрни мўлжал қилса, албатта керакли бўлган уч юз метрлик маррага етиши осон кечади. Дунё ҳаёти қисқа. Бу қисқа умрда эзгу амаллар маррасини қанчалик узоқроқ белгиласак, шунчалик кўп ухровий натижаларга замин ҳозирлаган бўламиз. Қолаверса, бундай йўл тутишимиз биз гуноҳкор бандаларга айни ярашадиган ишдир. 

Ато этилган ҳаётини сўнгги дамигача диёнат билан яшаб ўтиш инсон учун бу дунёдаги энг шарафли мақом бўлса, Охиратдаги олий мақом жаннатдир. Жаннат жуда ҳам баландда, унга етиш учун тинимсиз ҳаракат қилиш лозим. Ҳар бир эзгу амалимиз поғонама-поғона бизни баландга олиб чиқаверади. Жоҳиллар отган тошларнинг улуғ мақомга интилган зотлар қадар етиб бормаслигининг сири мана шундадир. Жаҳолатга жаҳолат билан жавоб қайтардингизми, демак сиз ҳали ҳам пастда турибсиз. Чунки сиз пастдагиларни кўриб, унинг ҳар бир пичирлаган гапларини эшитяпсиз. Агар сиз эзгу амаллар қуршовида баландга кўтарилиб, юксак мақом сари интилсангиз, пастдагиларнинг гап-сўзлари қадрини йўқотади. Чунки сиз юқорилаб кетганингиз сайин пастдагиларнинг овози тугул ўзлари ҳам кўринмай қолади. Сиз рўпарангизда фақат ўзингизга ўхшаган маслакдошларингизни кўрасиз, уларнинг сўзларини эшитасиз. Бу дунёда бундан ортиқ саодат борми?! 

Заҳириддин Мансур

Top