Спорт | 15:30 / 04.09.2018
25875
5 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари сарҳисоби. Курашдаги яққол устунлик

Осиё ўйинларида илк бор жорий этилган ўзбек миллий кураши бўйича мусобақаларда 7 вазн тоифасида (-52 кг, -63 кг ва -78 кг вазн тоифаларида аёллар, -66 кг, -81 кг, -90 кг ва +90 кг вазн тоифаларида эркаклар) медаллар ўйналди ва баҳсларда жами 28 нафар курашчи совриндор бўлди.

Ўзбекистон ушбу мусобақага 14 нафар полвон билан ташриф буюрди ва жами 12 медал олди. 7 олтиндан 6таси ўзбекистонликларга тегди, яна 2 кумуш ва 4 бронза олинди. Бу орқали Ўзбекистон кураш жамоаси медал жамғариш бўйича Ўзбекистон делегацияси миқёсида биринчи ўринни эгаллади, иккинчи ўринни боксчилар банд этишди - 5 олтин, 2 кумуш.

Ушбу спорт тури турнирда илк марта жорий этилгани эътиборга олинган ҳолда, ўзбекистонликлар яққон устунликка эга бўлиши кутилганди. Лекин айтиш керакки, Ўзбекистонлик 14 спортчи финалда иштирок этиб, олтин ва кумуш медалларни бўлиб олиши кузатилмади, -81 кг вазндаги Мусо Собиров чорак финалда, -78 кг вазн тоифасидаги Дилроза Бозорова эса нимчорак финалдаёқ ютқазиб, медалсиз қолди. Шунингдек, +90 кг вазн тоифасидаги Нурбек Тўраев ярим финалда эронлик Жафар Паҳлавонийга, -52 кг вазн тоифасидаги Ойсулув Абдумажидова ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага, -63 кг вазн тоифасидаги Мухлиса Абдумаликова ярим финалда мўғулистонлик Баярбат Басанжаргалга, -81 кг вазн тоифасидаги Сарвар Шомуродов ярим финалда эронлик Илёс Али Акбарига ютқазди.

-81 кг вазн тоифасида финалда Ўзбекистон вакили бўлмади. Олтин медал эронлик Илёс Алига, кумуш медал чорак финалда ўзбекистонлик Мусо Собировни, ярим финалда бошқа бир эронлик Омид Тазтакни енгиб финалга чиққан тожикистонлик Хўжазода Беҳрузига насиб этди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистонлик 8 курашчи финалда қатнашди. Кураш бўйича мусобақаларнинг илк кунида -66 кг вазн тоифасида Маъруф Ғайбуллоев ва Руслан Бўриев олтин медал учун ўзаро гиламга чиқиб, олтин ва кумуш медалларни бўлиб олишди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

+90 кг вазн тоифасидаги Муҳсин Ҳисомиддинов финалда эронлик Жафар Паҳлавонийни мағлуб этди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

-52 кг вазн тоифасида турнирга келган Гулнора Сулаймонова финалда ҳиндистонлик Пински Балҳаранинг курагини ерга теккизди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

-63 кг вазн тоифасида Дилдор Шерметова финалда мўғулистонлик Баярбат Басанжаргални енгиб, Осиё ўйинлари олтин медалига сазовор бўлди.

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Кураш бўйича мусобақаларнинг учинчи кунида яна икки ўзбекистонлик спортчи олтин медал учун ўзаро баҳс ўтказди. -90 кг вазн тоифасида ғолиб номини аниқлаш учун Шермуҳаммад Жандриев ва Яҳё Имомов ўзаро гиламга чиқиб, рақиби жароҳат олганидан фойдаланган Жандриев ғалаба қозонди.

-78 кг вазн тоифасидаги Кумуш Йўлдошева финалда мўғулистонлик Отгон Мункцецег билан беллашди ва ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Медаллар жамғариш бўйича Ўзбекистондан кейинги иккинчи ўриндаги Эрон битта олтин, битта кумуш ва иккита бронза олди.

Осиё ўйинларида медаллар ҳисоби бўйича рейтинг:

1. Ўзбекистон 6 олтин 2 кумуш, 4 бронза;
2. Эрон - 1 олтин (-81 кг), 1 кумуш (+90 кг), 2 бронза (-81 кг ва -66 кг);
3. Мўғулистон 2 кумуш (-78 ва -63 кг);
4. Хитой Тайпей 2 бронза (-78 кг ва-66 кг);
5. Ҳиндистон 1 кумуш (-52 кг), 1 бронза (-52 кг);
6. Тожикистон - 1 кумуш (-81 кг);
7. Афғонистон 1 бронза (+90 кг);
8. Қозоғистон 1 бронза (-90 кг);
9. Иордания 1 бронза (-90 кг);
10. Вьетнам 1 бронза (-78 кг);
11. Индонезия 1 бронза (-63 кг).

Турнирда медал ололмаган бўлишсада, Туркманистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Япония, Таиланд, Филиппин, Кувайт, Фаластин, Покистон, Сурия, Ироқ ва Яман вакиллари ҳам фаол иштирок этишди.

Статистикадан кўриниб турибдики, кураш бўйича Ўзбекистонга Эрон вакилларидан ташқари, мўғулистонлик, тожикистонлик ва ҳиндистонлик курашчилар ҳам жиддий рақобат туғдиришмоқда. Кейинги турнирларгача рақиблар бу спорт турига эътиборни янада кучайтириши ва ўзбекистонлик курашчилар учун Индонезиядаги ўйинлардаги натижа энг яхшиси бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Маълумот учун, ўзбек кураши Осиё ўйинларига 2017 йили Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблеяси вақтида 18-Осиё ўйинлари дастурига киритилганди. 2006 йили Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган 15-Осиё ўйинларида кураш бўйича кўргазмавий чиқишлар қилинганди. Кейинроқ икки марта, 2009 йилда Бангкокда бўлиб ўтган Ҳарбий жанг санъатлари бўйича биринчи Осиё ўйинларида ҳамда Ёпиқ иншоотлардаги учинчи Осиё ўйинларида кураш бўйича баҳслар ўтказилганди.

1999 йилда Тошкент кураш бўйича илк жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Унда Австралия, АҚШ, Канада, Боливия, Чили, Парагвай, Германия, Испания, Болтиқ бўйи мамлакатлари ҳамда МДҲ вакиллари бўлган 50дан ошиқ давлатдан юзлаб курашчилар иштирок этган.

2017 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳри кураш бўйича XI жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Ундан аввалроқ, 2013 йилда Россияда, 2015 йилда эса Эронда кураш бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилганди.

Ҳозиргача ўзбек кураши Олимпиада ўйинлари дастурига киритилишига эришилмаган.

Мавзуга оид