22:18 / 09.09.2018
4908

FEI World Jumping Challenge: Бронза Ўзбекистонда

Фото: От спорти ва йилқичилик федерацияси матбуот хизмати

FEI World Jumping Challenge мусобақаларининг икки конкур якунларига кўра, мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Унга кўра, ўзбекистонлик Саидамирхон Турғунбоев бронза медаль соҳибига айланди. От спорти ва йилқичилик федерацияси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди

Биринчи ўрин исроиллик Стернбах Надав, иккинчи ўрин эса аргентиналик Ричард Киеркигардга насиб этди. 

Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган FEI World Jumping Challenge финал мусобақалари дунёнинг 10 минтақасидан дунёнинг энг сара чавандозларини майдонга жамлади. Ўзбекистон Осиё минтақаси ва МДҲ мамлакатлари ичида бундай мусобақани биринчи бўлиб ўтказиш шарафига муяссар бўлди. Бу ишонч Халқаро от спорти федерация томонидан мамлакатимизда йилқичилик ва от спорти йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасининг юксак эътирофи ҳамдир.

Бугун дунёнинг энг сара чавандозлари, юқори малакали ҳакамлар ҳайъати ва от спорти соҳаси соҳасидаги экспертлар Ўзбекистонда йиғилди. 

Жаҳон кубоги мусобақалари қоидалари жуда осон ва қизиқарли. Унинг босқичлари дунё бўйлаб ўнта минтақада миллий от спорти федерациялари ўртасида ўтказилади. Ушбу мусобақалар дунёнинг энг юқори рейтингли конкурчиларини аниқлашга хизмат қилади. 

Ушбу мусобақада Абдушукур Собиржонов ҳамда Саидамирхон Турғунбоев Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Таъкидлаш жоизки, биринчи конкур давомида спортчиларимиз пешқадамлик қилган бўлса, кейинги баҳсларда жузъий камчиликларга йўл қўйишди. Умид қиламизки, чавандозларимиз ҳал қилувчи баҳсларда юқори натижаларни қўлга киритишади.

Мусобақа Ўзбекистон от спорти соҳаси учун жуда аҳамиятли бўлиб, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши, хорижий экспертлар билан тармоқни ривожлантириш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилади.

Top