16:55 / 12.09.2018
3614

Ўзбекистон ва Озарбойжон республикалари Мустақиллик кунига бағишланган дўстлик байрами бўлиб ўтди

11 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги "Туркистон" санъат саройида Ўзбекистон ва Озарбойжон республикаларининг мустақиллик кунига бағишланган байрамона ҳамдўстлик концерт дастури бўлиб ўтди. Озарбойжон Маданият маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирни Озарбойжоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва дўстона алоқалар қўмитаси раиси Рустамбек Қурбоновлар очиб беришди. 

Гусейн Гулиев Ўзбекистон аҳлини Мустақиллик байрами билан қутлаб, Озарбойжон биродар ўзбек халқининг муваффақият ва ютуқларидан доим қувонишини таъкидлади. Куни кеча Шаҳрисабзда бўлиб ўтган I Халқаро Мақом форумида озарбойжонлик Нигяр Шабанованинг 1-ўринни қўлга киритгани, 2017 йилги "Шарқ тароналари" фестивалида Соҳиб Пошшозоданинг Гран-прига муносиб кўрилганини алоҳида қайд этди. 

Байрам концерт дастурида Озарбойжон халқ артисти Гулёноқ Мамедова, Озарбойжонда хизмат кўрсатган артист, Шаҳрисабздаги Халқаро Мақом фестивалининг 1-ўрин соҳибаси Нигяр Шабанова, "Шарқ тароналари" фестивали Гран-при соҳиби, Озарбойжонда хизмат кўрсатган артист, торчи Соҳиб Пошшозода ҳамда Бакудаги Халқаро Муғом фестивали совриндори Абгул Мирзалиев йиғилганларни ўзларининг чиқишлари билан шод этишди. Гулёноқ Мамедова Концертга ташриф буюрганлар орасида Ўзбекистонда истиқомат қилувчи озарбойжонлар кўпчиликни ташкил қилиб, улар ўзларининг севимли ижрочиларига қўшилиб қўшиқ куйлашди, рақсга тушишди. 

Тадбирда ўзбекистонлик санъаткорлар ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият марказининг "Озарбойжон қизлари" рақс дастаси ҳам иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, концертда озарбойжонлик санъат усталари ўзбекча қўшиқларни, ўзбекистонлик ижрочилар эса озарбойжонча қўшиқларни куйлаб, тадбирга ҳақиқий дўстона тус беришди. 

Ўзбекистон ва Озарбойжон мамлакатлари маданияти, урф-одатларининг муштараклиги икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларнинг ривожланиши ва биргаликдаги  кўплаб лойиҳаларнинг амалга оширилиши учун замин яратади. 

Top