00:17 / 10.10.2018
13297

Дунё океани сатҳи инсон фаолияти сабабли 15 метрга кўтарилиши мумкинлиги айтилди

Агар иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилиши юқори даражада қолса, дунё океани сатҳи 2100 йилгача 2,4 метрга, 2300 йилга келиб эса 15 метрга кўтарилиши мумкин. Бу ҳақда Рутгерс университети иқлимшунослари тадқиқотида айтилган. 

Дунё океани сатҳи ошиши орол давлатлар ва соҳилбўйи ҳудудлари сув остида қолиши билан хавф солади. Олимларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда бундай хатар ҳудудларида сайёрамизнинг 7,6 млрдлик аҳолисининг 11 фоизи жойлашган. Бу одамлар денгиз сатҳидан 10 метрдан камроқ баландликда яшайдилар.

Тадқиқотчилар олиб борилган кузатишлар асосида иқлим моделини тузиб, агар иссиқҳона газлари чиқарилиши ҳажми яқин орада камаймаса, қутбларда музликларнинг эриши тошқинлар ва бутун бошли шаҳарларнинг сув остида қолишига олиб келади.

1993 йилдан бери Дунё океани сатҳи 77,1 ммга ёки йилига 3,1 ммга ошган. Бунга ҳароратнинг глобал ошиши сабаб бўлган. Бу Гренландия ва Антарктикада музликлар эришига олиб келган.

Яқинда Арктикадаги энг қалин музлик ҳарорат ўзгаришлари сабабли парчалана бошлагани маълум бўлди. Мутахассислар бунга Шимолий яримшарда ҳароратнинг кескин ўзгаришини сабаб дейишмоқда.   

Top