20:24 / 22.10.2018
5689

Ryanair авиакомпанияси Барселона-Лондон рейси бортида рўй берган воқеа сабаб танқид қилинди

Фото:РИА Новости / Максим Блинов

Ryanair авиакомпанияси Барселона-Лондон рейси бортида рўй берган воқеа вақтида тўғри чора кўра олмаган экипажи туфайли танқид остига олинди. Гап шундаки, йўловчилардан бири қўшни ўриндиқдаги ҳамроҳини  ирқчилик белгилари бўйича ҳақорат қилган. 

Можарога гувоҳ бўлганлардан бири ижтимоий тармоқларда воқеа видеоси билан бўлишди. Йўловчи Дэвид Лоренс томонидан Youtube каналига жойлаштирилган видео ярим миллион марта кўрилган.

Видеода оқ танли британиялик қора танли аёлни ҳақорат қилгани акс этган. 77 ёшли ямайкалик аёл қизи билан бирга Лондонга парвоз қилаётган бўлган. Аёлнинг сўзларига кўра, британиялик киши унинг ёнида ўтиришдан бош тортган.

Йўловчилардан бири эркакни тартибга чақиришга ҳаракат қилган, воқеа гувоҳлари эркакни рейсдан четлатишни талаб қилишган. Бироқ экипаж эркак йўловчига нисбатан ҳеч қандай чора кўрмай, аёлни бошқа жойга кўчириш билан чекланган. 

Воқеа видеоси ижтимоий тармоқларга жойланганидан кейин авиакомпания ўз Twitter'ида воқеадан Эссекс полицияси хабардор қилинганини маълум қилган. 

Top