18:50 / 07.11.2018
38931

Энди автомобилни онлайн харид қилишингиз мумкин - Uzavtosavdo.uz автомобиль харид қилиш платформаси қандай ишлайди?

«Ўзавтосаноат» АЖ GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилган янги автомобилларни харид қилишга мўлжалланган янги савдо платформаси ва мобил иловаларининг тақдимоти бўлиб ўтгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Хўш, uzavtosavdo.uz платформаси қандай ишлайди, ундан қандай фойдаланиш мумкин?

Десктоп ва ноутбукдан фойдаланувчилар учун бевосита www.uzavtosavdo.uz сайтига кириш кифоя қилса, смартфон фойдаланувчилари Google Play Store ёки AppStore дўконларидан Uzavtosavdo иловасини юклаб олиш талаб этилади. 

Шундан сўнг, онлайн йўриқнома ёрдамида миллий Ягона идентификациялаш тизимида (OneID) рўйхатдан ўтиш лозим бўлади. Мазкур платформанинг қулайликларидан яна бири электрон рақамли имзо (ЭРИ)га эга бўлган шахс, хорижий мамлакатда бўлган ҳолатда ҳам автомобиль харид қилиш имконига эга бўлишидир. 

Илова воситасида автомобиль модели, тури, ранги ва ҳатто уни етказиб берувчи дилерлик марказини ҳам танлаш мумкин. Шу билан бирга, автомобиль учун тўлиқ ёки қисман тўловни амалга ошириш имкони ҳам мавжуд. Тўлов жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Бунда энг кам тўлов автомобиль қийматининг 3 фоизини ташкил этади. Дастлабки бадал бир ҳафта ичида тўланиши лозим бўлади.

Диққат қилинг, илова орқали тўланган 3 фоизлик дастлабки бадал тўлови қайтарилмайди!

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Илова орқали автомобиль харид қилиш учун тўлов амалга оширилгач, навбат рақами ҳамда дилерда автомобиллар рўйхати намойиш этилади. Мабодо, сотувда сиз хоҳлаган автомобиль бўлмаса, буюртма автоматик тарзда ишлаб чиқарувчига, яъни заводга юборилади. Бунда харидорга шартнома рақами ва автомобилнинг индивидуал рақами – VIN тақдим этилади. 

Илованинг самарали ва фойдали жиҳати шундаки, харидор аввалбошданоқ, автомобиль харид қилиш билан боғлиқ барча жараённи назорат қила олишидир. У нечанчи навбатда тургани, автомобили қачон етиб келишигача аниқ билади. Танланган автомобиль учун 85 фоиз тўлов амалга оширилганда, қўшимча бонус сифатида транспорт воситаси харидор уйигача текин етказиб берилади.

Top