17:30 / 07.11.2018
41376

GM Uzbekistan автомобилларини харид қилиш бўйича янги платформа тақдим этилди

«Ўзавтосаноат» АЖ Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи автомобилларни онлайн сотиш, автомобиллар савдосида шаффофликни таъминлаш ва ошириш йўлида навбатдаги қадамни ташлади. 2018 йил 7 ноябрдан эътиборан GM Uzbekistan ҳамда бошқа корхоналарда ишлаб чиқарилувчи транспорт воситаларини онлайн тарзда харид қилиш имконини берувчи интернет ресурси ва мобил иловаси ишга тушади, деб хабар қилмоқда KUN.UZ мухбири. 

Шу муносабат билан ташкил этилган пресс-брифингда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раисининг маркетинг ва ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Салимов ҳамда веб-сайт ҳамда мобил иловаларни ишлаб чиққан мутахассис Азиз Абдуллаев иштирок этди. 

Умиджон Салимовнинг сўзларига кўра, шу йилнинг август ойидан бошлаб Ўзбекистон автомобилсозлик саноатини ривожлантириш борасида «Ўзавтосаноат» АЖ компаниясининг янги раҳбариятига соҳанинг барча асосий жабҳалари, ишлаб чиқариш, маҳаллийтириш, бутловчи қисмлар, логистика йўналишларини соғломлаштириш бўйича янги вазифалар белгилаб берилган. 

«Шундай йўналишлардан бири, шубҳасиз, автомобилларни сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, харидорларга сифатли сервис хизматини кўрсатишдир. Бунда асосий вазифа шундан иборатки, GM Uzbekistan автомобиллари савдосида юқори даражадаги шаффофликни ҳамда ушбу автомобиллардан фойдаланиш чоғида олий сервис хизматини кўрсатишни таъминлаш бўлиб турибди. Чунки, компанияга нисбатан жамоатчилик фикри, узоқ кутилган автомобилга буюртма бериш, харид қилиш ва ниҳоят автомобиль калитини олиш билан боғлиқ жараён асносида шаклланади», - деди Умиджон Салимов.

Брифинг доирасида автомобиллар савдосида шаффофликни ошириш, автомобиль харидида сунъий навбатларга йўл қўймаслик ва турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, салоҳиятли харидорга автомобиль харид қилиши учун қулай, ошкора ва осон имконият тақдим этиш мақсадида ташкил этилган Uzavtosavdo.uz онлайн савдо платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

 

Янги савдо платформаси www.uzavtosavdo.uz веб манзилида жойлашган бўлиб, ҳозирча, сўнгги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Мақола ёзилаётган вақтда сайт фаолият юритмаётган эди. Умиджон Салимов, айрим техник масалалар ҳал этилгач, веб сайт орқали истаган харидор автомобил харид қилиши мумкинлигини билдирди. Бундан ташқари, мазкур платформа Android ва iOS қурилмалари учун махсус ишлаб чиқилган иловалар орқали ҳам фойдаланиш мумкин бўлади. Иловаларни Google Play Store ёки AppStore дўконларидан юклаб олиш мумкин. 

Youtube'да кўриш

Mover'да кўриш (tas-ix)

Top