22:50 / 09.11.2018
11519

Психотроп моддаларнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсири юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди

Ўзбекистонда кейинги икки йилда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик олдинги йилларга нисбатан камайган бўлишига қарамай айнан тартибсизлик, тақиқланган психотроп моддаларнинг ёшлар ўртасида ноқонуний тарқатилиши ҳамда таълим муассасалари ўқувчиларининг ўткир тиғли совуқ қуроллардан фойдаланиши каби салбий иллатларнинг кўпайиб бориши кенг жамоатчилик вакилларини ташвишга солиб қўймоқда.

Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айниқса, улар орасида турли психотроп моддаларнинг ноқонуний тарқатилиши ҳамда ўткир тиғли совуқ қуроллардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини камайтириш, шунингдек, мазкур турдаги салбий иллатлардан, унинг оқибатларида кенг жамоатчилик фикрини ҳамда ёшлар муносабатини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби”да “Лирика ва трамадол каби психотроп моддаларнинг ёшлар ўртасида ноқонуний айланиши: жамоатчилик ва ёшлар фикри” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлим мудири Акмал Алимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи, Давлат комиссияси масъул котиби Шуҳратжон Ғуломов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори Элбек Раҳмонов, Наркотикларни назорат қилиш қўмита раиси ўринбосари Шодия Тимурова ҳамда ёшлар иштирок этди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби
Фото: Ёшлар пресс-клуби
Фото: Ёшлар пресс-клуби

- Бугунги кунда “Трамадол”, “Лирика” деб аталадиган дори воситалари кўп тарқалмоқда. Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун қабул қилинди. Арзимасдек кўринган дори воситалари ёшларни йўлдан адаштирадиган, қолаверса, уларни соғлом ҳаёт тарзидан узоқлаштирадиган восита сифатида қаралмоқда. Бу дорилар дастлаб даволовчи дори воситаси сифатида хизмат қилган. Ёшлар улардан бош оғриғини қолдиришда ва кайфиятни кўтаришда фойдаланишган. Унга саломатлик бахш этувчи даво сифатида қарашган. Бу каби дори воситаларида гиёҳванд моддаларида бўлгани каби ўзига ўргатиб қўйиш хусусияти бор ва у инсонни ўзига тобе этиб қўяди. Бу эса ҳаётимизда гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Алдов йўллари билан ўқувчи ёшларимиз ҳам бу дориларни қабул қилган ҳолатлари кузатилди. Айрим ёшлар балоғат ёшидаги ўзгаришлар ва дипрессия ҳолатларини енгиш учун психотроп моддаларни харид қилишмоқда. Баъзилар бу дорини қабул қилиш орқали имтиҳонларга яхши тайёргарлик кўриш, асабларни тинчлантириш, диққатни жамлаш ва руҳий енгилликни сезиш мумкин деган сафсаталарга ишониб кунига 40 донагача қабул қилиш орқали соғлигида хавфли муаммоларни келтириб чиқармоқда, - дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази бўлим бошлиғи, Давлат комиссияси масъул котиби Шуҳратжон Ғуломов.

Фото: Ёшлар пресс-клуби

Мулоқотда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш масалаларида кенг жамоатчилик томонидан бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилаётганлиги таъкидланди. Келтирилган маълумотларга кўра, бир йил мобайнида ёшлар манфаатлари, уларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ жами 25 та Қонун ва қонуности ҳужжат қабул қилинган ва ёшлар масалалари билан боғлиқ 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Спикерлар мазкур соҳани тартибга солишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ижроси хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Ёшлар пресс-клуби
Фото: Ёшлар пресс-клуби
Фото: Ёшлар пресс-клуби

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мазкур салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, биринчи навбатда, бу фаолият билан шуғулланадиган тоифа вакилларига маъмурий жазони кучайтириш, такроран содир этилган тақдирда эса жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ нормаларни киритишни таклиф этган.

Шаҳноза Нуруллаева

Top