Жамият | 17:02 / 21.11.2018
8943
9 дақиқада ўқилади

Ўзбек олимларининг қон қуйиш станциялари ва тиббий муассасалар амалиётига жорий этиш учун мўлжалланган ноёб ишланмаси

Миллатнинг соғлиғи ҳақида қайғуриш бутун бир тадбирлар мажмуини назарда тутади, улардан бири – турли тиббий ҳаракатлар пайтида вирусларни юқтирмаслик бўйича хавфсизликни оширишдир. Биз бу мавзуни ўзбекистонлик олимларнинг инновацион ишланмаси – Safo Nur қурилмаси ҳақидаги мақоламизда кўтариб чиққан эдик. Ушбу ишланма New Medical Technologies мутахассисларининг кучи билан яратилган бўлиб, унинг ёрдамида тиббий ускуналар, шу жумладан композит материаллардан тайёрланган ускуналар ҳам касаллик туғдирувчи вируслар, бактериялар, замбуруғлар ва эндоспоралардан зарарсизлантирилади.

Safo Nur қурилмасининг самарадорлигини баҳолашда ноёб усул қўлланади, у ҳақда бизга Safo Nur қурилмасининг яратувчиси ва “Лимфотроп хусусиятга эга вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули”нинг муаллифи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наримон Ғуломович Ғуломов батафсил гапириб берди.

  • Наримон Ғуломович, нега янги методикани ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди? Назорат қилишнинг мавжуд муқобил методлари етарли эмасмиди?

Бугунги кунда Ўзбекистондаги тиббий муассасаларда қўлланадиган ИФТ ва ПЗР методлари инфекцион касалликлар диагностикасида илғор методлар ҳисобланади, бироқ улар ҳам камчиликлардан мустасно эмас. Уларда сезгирлик “чегараси” мавжуд, яъни реакциянинг ишонарли ижобий натижасини олиш учун ушбу методларнинг ҳар бири биологик материалнинг тадқиқ қилинадиган ҳажмида муайян миқдордаги антитаначалар ёки вирусли зарралар бўлишини талаб қилади. Агар биологик материалда антитаначалар ёки вирусли зарралар миқдори ИФТ ёки ПЗР методининг сезгирлик “чегараси”дан паст бўлса, реакция натижаси шубҳали ёки ёлғон-салбий бўлиши мумкин, бу эса диагноз қўйишда хатоликларга олиб келади. Бу айниқса донорларнинг қонини вирусли инфекциялар бор-йўқлигига тестдан ўтказишда жуда муҳим.

Safo Nur қурилмаси ишлаб чиқилаётган пайтда олдимизга вирусларнинг яшаш қобилиятини баҳолашни таъминловчи назорат методини тақдим этиш талаби қўйилди. Қурилма аналоглари бўлмагани боис, олдимизга лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усулини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди; лимфотроплик — бу вирусларнинг лимфоцитларга кириш ва репликацияланиш, яъни уларнинг ичида кўпайиш қобилиятидир.

Ушбу усул асосида В (HBV) ва С (HCV) гепатити вирусларининг ҳамда одам иммун танқислиги вирусининг (HIV) лимфотроп хусусиятлари ётади. Охир-оқибатда биз “Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули”ни ишлаб чиқдик, у:

  • Лимфотроп вирусларнинг (HBV, HCV ва HIV) яшаш қобилиятини баҳолаш;
  • ПЗР сезгирлик “чегараси”дан паст бўлган вируслар миқдорига эга биологик муҳитларда лимфотроп вируслар бор-йўқлигини ПЗР методи ёрдамида аниқлаш;
  • Донорларнинг ПЗР сезгирлик “чегараси”дан паст бўлган вируслар миқдорига эга лимфотроп вируслар билан зарарланганлигини аниқлаш;
  • ПЗР методининг ёлғон салбий натижаларини мустасно қилиш имконини беради.

Одамларни HBV, HCV ва HIV вируслари бор-йўқлигига тестдан ўтказаётганда ёлғон салбий натижаларни истисно қилиш имконияти қон донорларида вирусларни аниқлашда ўз қўлланишини топди. Ўтказилган тадқиқотлар протоколларининг мавжуд натижалари бугунги кунда бизнинг методимиз энг самарали эканини ва унга ўхшаш методлар йўқлигини таъкидлашга асос беради.    

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бизнинг лойиҳамиз таъсисчимиз ва Safo Nur қурилмаси патентининг эгаси Овик Леонардович Мкртчяннинг амалий қўллаб-қувватлаши туфайли амалга ошди ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. У тез фойда олишга мўлжалланмаган, бироқ қон ва унинг компонентларини қуйишда одамларнинг вирусли инфекцияларга чалинишининг олдини олиш учун хизмат қиладиган ушбу инновацион лойиҳанинг истиқболларини кўра олди.

  • Қўлланиш соҳаси – ушбу методни жорий этиш қайси тиббий муассасалар учун долзарб?

Ўтказилган тадқиқотлар натижалари “Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули”ни қўллашда қуйидаги йўналишларни кўриб чиқишга асос беради. У даволаш муолажасини олган ва вирусларга қарши терапиядан кейин қондаги вируслар юкламаси кескин тушиб кетадиган даволаш ишларининг самарадорлигини баҳолашни хоҳловчи беморлар учун оддий клиникаларда диагностика ишларида самарали қўлланиши мумкин. Бироқ вируслар қонда ИФТ ва ПЗРнинг сезгирлик чегарасидан паст даражадаги концентрацияларда қолиши ва аниқланмаслиги мумкин.  «Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули» беморларнинг организмида вирусли зарраларни ишончлироқ тарзда аниқлаш имконини беради.

Барча даражадаги қон қуйиш станциялари амалиётига “Донорлар қонини тестдан ўтказишда ИФТ ва ПЗРнинг ёлғон салбий натижаларини истисно қилиш усули”ни жорий этиш донорлар қонида вирусларни тўлиқ аниқлашни таъминлайди. Бугунги кунда қон қуйиш пунктларида қўлланаётган методлар хатоликнинг юқори даражасини кўзда тутади: донор вирусни юқтирган бўлиши, лекин унинг қонида антитаначалар ва антигенлар кам бўлиши мумкин, ИФТ ёки ПЗР методлари уларни сезмайди ва ёлғон салбий натижани чиқариб беради. Донорларнинг қон плазмаси ва ундаги лимфоцитлар таркибининг ПЗР натижаларини солиштирма таҳлил қилиш ишлари, қон плазмасини тестдан ўтказганда, ушбу тестда қатнашган ҳар 100 нафар донорга ўртача 17 та ёлғон салбий натижа олиш ҳолатини кўрсатди. Демак, қон плазмасининг ПЗРида реципиентларнинг вирусларни донорлар қони ёки унинг компонентлари орқали юқтириш хавфи ҳаддан ташқари юқори.  

Қуйиш учун мўлжалланган қон компонентлари бирор-бир вирусдан холи бўлиши керак, демак бунда вирус бор-йўқлигини баҳолашнинг энг аниқ методлари талаб қилинади. Биз томонимиздан ишлаб чиқилган лимфотроп вирусларни аниқлаш усули қон қуйиш станцияларида қон ва плазмани тестдан ўтказиш учун оптимал ҳисобланади. Қисқа муддатлар ичида қон қуйиш станциялари лабораторияларини ПЗР-лабораториялар билан жиҳозлаш, қон плазмасини тестдан ўтказишни лимфоцитлар таркибини тестдан ўтказиш усули билан алмаштириш зарур. Бу донорлар қонини тестдан ўтказишда ёлғон салбий натижаларни истисно қилади ва реципиентларнинг вирусларни донорлар қони ва унинг компонентлари орқали юқтиришининг олдини олади.

«Лимфотроп вирусларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули» турли вирусли омилларнинг таъсирини баҳолашда вирусларнинг яшаш қобилияти сақланишини ёки йўқолишини (инактивациясини) назорат қилиш методи сифатида хизмат қилиши мумкин. Бундан ташқари, вируснинг хусусиятларини яхшироқ ўрганиш учун таркибида вируслар бўлган биологик объектлар узоқ вақт сақланганида уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш зарурати юзага келади.

  • Ушбу методни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига жорий этиш қандай амалий натижаларга олиб келади?

“Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули”ни соғлиқни сақлаш тизими амалиётига жорий этиш, биринчи навбатда, донорларнинг қонини тестдан ўтказишда ёлғон салбий натижаларни истисно қилишга ҳамда реципиентларнинг вирусларни донорлар қони ва унинг компонентлари орқали юқтиришининг олдини олишга хизмат қилади. Иккинчидан, беморларда HBV, HCV ва HIV вирусларини диагностика қилишнинг ишончлилиги ошади, вирусларга қарши терапиянинг самарадорлигини назорат қилиш методининг ишончлилиги ортади.

  • Компаниянинг кейинги режалари қандай?

Компания ўлчамлари каттароқ бўлган асбоблар ва эндоскопларни стериллаш учун мўлжалланган қурилмани, тиббий асбоблардаги вируслар, замбуруғлар ва эндоспораларни инактивлаштириш учун мўлжалланган автоматлаштирилган қурилмани, стерил асбобларни сақлаш учун мўлжалланган қурилмани яратишни режалаштирмоқда. Шунингдек қон плазмасидаги эҳтимолий вирусларни инактивлаштириш учун мўлжалланган қурилмани яратиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Суҳбатимиз якунида “Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули” халқаро даражада эътироф этилганини қайд қилишни истардим. “Лимфотроп вирусларни аниқлаш ва уларнинг яшаш қобилиятини баҳолаш усули”га Ўзбекистонда патент олинган бўлиб, учта ариза Европа патент идорасида кўриб чиқилмоқда.

Яқинда биз Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу методни мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига, айниқса, қон қуйиш пунктлари амалиётига жорий этиш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилдик, ижобий жавоб олишга жуда катта умид қиляпмиз.

Қурилманинг ишлаши ҳақидаги батафсил маълумотларни бизнинг nmt.uz сайтидан ва (+998) 90−351−20−90 телефон рақами орқали олиш мумкин.

Мавзуга оид