15:18 / 22.11.2018
3660

Туркиялик экспертлар иштирокида Туризмни ривожлантириш концепцияси муҳокама қилинди

Туризмни ривожлантириш концепциясининг сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадларида туркиялик эксперт Содиқ Бадакнинг тавсиялари асосида Ўзбекистоннинг саккиз ҳудуди – Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари орасида сўровнома ўтказилди.

Содиқ Бадак

Сўровнома натижалари бўйича фикрлар, таклифлар ва тавсияларни умумлаштириш ҳамда муҳокама қилиш мақсадида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан сўровнома иштирокчиларини жалб қилган ҳолда семинар бўлиб ўтди. Семинарга шунингдек Туркия туризм соҳасининг давлат ва хусусий сектор мутахассислари – Туркия маданият ва туризм вазирлиги бошқармаси бошлиғи О.Озет, «Turkish Airlines» авиакомпанияси вице-президенти Ф.Чигал, «Turkish Airlines»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори С.Қаҳрамон, Туркия турагентлар асссоциацияси раҳбарияти вакиллари О.Уйсал, Туркия отельерлар ассоциациясидан М.Топалўғли, Туркиянинг туризм соҳасидаги инвесторлар ассоциациясидан Э.Акчакай таклиф қилинди.

Семинар иши туризм соҳасининг алоҳида йўналишларига оид панель сессияларда ташкил қилинди:

  • Жойлашув воситалари ва янги туристик марказлар қурилиши;
  • Мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш;
  • Туризм соҳасида ҳамкорлик ва мувофиқлаштирув;
  • Туризмнинг янги турларини ривожлантириш;
  • Туроператорлар ва турагентлар фаолияти;
  • Туризм соҳаси кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ёшларни жалб қилиш;
  • Транспорт тизими ва туризм соҳаси инфратузилмаси;
  • Туризм соҳасига инвестициялар киритиш ва сармояларни қўллаб-қувватлаш.

Ҳар бир сессияда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг масъул ходимлари модератор сифатида иш олиб боришди, эксперт сифатида эса – туркиялик мутахассислар.

Сессиялар якунларига кўра, туризм соҳасининг муаммоли масалалари бўйича музокаралар ташкиллаштирилди. Кўтарилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда 2025 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш концепциясига киритиш учун умумлаштирилди.

Top