00:45 / 21.12.2018
77143

Ўзбекистонда илк кўпбрендли автосалон очилди

2018 йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистоннинг илк «ақлли шаҳри» бўлиши кутилаётган Нурафшон шаҳрида мамлакатдаги биринчи мультибренд автосалонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, «Ўзавтосаноат», GM Uzbekistan компанияси раҳбарлари, ОАВ вакиллари, шунингдек, Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи ҳам иштирок этди. 

Видео: Youtube

Янги намунадаги замонавий автосалонда «Ўзавтосаноат» таркибига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар, турли юк машиналари ҳамда эҳтиёт қисмлари сотилади. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида сотилган транспорт воситалари ҳамда бошқа автомобилларга сервис ва даврий кафолатли техник хизмат кўрсатилади. 

Замонавий мультибренд автосалоннинг шоурумида доимий равишда GM Uzbekistan, SamAvto, JV MAN Auto – Uzbekistan ҳамда UzAuto Trailer каби миллий автосаноат корхоналарининг Chevrolet, MAN, Isuzu ва Kamaz брендлари остида ишлаб чиқилаётган транспорт воситалари билан танишиш имконияти мавжуд. Бироқ, бу ҳали ҳаммаси эмас. Автосалонда автосуғурта, автомобиль харид қилиш жараёнида давлат рақамларини расмийлаштириш каби хизматлар кўрсатилади. Шу билан бирга, сиз харид қилаётган автомобиль учун шу ернинг ўзида очилган банк филиали орқали тўловни амалга оширишингиз мумкин. 

Тадбир давомида «Ўзавтосаноат» бошқаруви раисининг маркетинг масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Салимов Kun.uz мухбири билан келажакдаги режалар билан ўртоқлашди. 

«Сўнгги олти ой давомида тизимда улкан ўзгаришлар қилинмоқда. Бу давом эттирилади, албатта. Бугун очилган мультибрендли автосалон ҳам шундай ижобий ўзгаришлардан бири деб ўйлаймиз. Қайд этиш керак, бундай автосалон мижозларнинг фикрини ўрганиш орқали ташкил этилди. Бундай автосалонлар келажакда Ўзбекистон бўйлаб очилади. Шу билан бирга, мазкур автосалонларга тюнинг қилувчи фирма ва компанияларни ҳам таклиф этамиз», - деди Умиджон Салимов. 

2 ойлик қисқа муддат ичида барпо қилинган 2400 м2 ни ташкил этувчи сервис замонавий техникалар билан жиҳозланган бўлиб, у ерда «Ўзавтосаноат»нинг барча брендлари учун исталган турдаги кафолатли ва кафолатдан сўнгги хизматларни кўрсатилади. Мультибренд автосалонининг фаолияти ушбу ҳудудда 100 кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур моделни йирик узелли йиғиш ишлари GM Uzbekistan’нинг Тошкент шаҳридаги филиалида амалга оширилади. Айтиш жоизки, компания қисқа муддатларда 1000 дан ортиқ янги моделдаги автомобилларни сотган.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top