Ўзбекистон | 08:36 / 15.01.2019
26377
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иккита янги агентлик ва битта қўмита ташкил этилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Фармон билан қуйидагилар белгиланди:

а) Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифалари этиб:

давлат активларини самарали бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш;

ўзига берилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари (улушлари) бўйича акциядор (таъсисчи ва иштирокчи) ҳуқуқларини амалга ошириш;

илғор хорижий тажриба асосида давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув шакл ва усулларини жорий қилиш, уларни бошқаришда кузатув кенгаши ва акциядорларнинг ролини тубдан ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарни, шу жумладан, халқаро молия институтлари тавсиялари асосида босқичма-босқич ички ва ташқи бозорларда рақобатлаша оладиган, самарали корхоналарга айлантиришга кўмаклашиш;

давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бошқарув тузилмасини оптималлаштириш, юқори даромадлилик ва капитализацияни ошириш, соҳасига кирмайдиган ва фойдаланилмаётган активларини чиқариб ташлашга қаратилган ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни мувофиқлаштириш;

давлат манфаатларини таъминлаган ҳолда, шу жумладан, давлат акция пакетларини (улушларини) ишончли бошқарувга бериш орқали инвестиция фаолиятини амалга ошириш;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг облигация ва акцияларини чиқариш ва реализация қилиш, шу жумладан, маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида IPO/SPO бўйича эмиссияларни жойлаштириш ҳисобига шу жумладан, хорижий тўғридан-тўғри, шунингдек, портфель инвестицияларни жалб қилиш;

давлат активларини реализация қилиш (хусусийлаштириш) ва ижарага беришнинг очиқ ва шаффоф механизмини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг қилиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этиш;

таҳлил асосида давлат иштирокидаги фаолият юритмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни аниқлаш, уларни молиявий соғломлаштириш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

банкротлик иши бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда давлат иштирокидаги корхоналарда самарали дивиденд сиёсатини амалга ошириш;

баҳолаш фаолиятининг давлат томонидан тартибга солинишини таъминлаш, мол-мулкни баҳолаш стандартларини тасдиқлаш, шунингдек, риэлторларни сертификатлаштириш;

б) Монополияга қарши курашиш қўмитасининг асосий вазифалари этиб:

товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиши, “картель” битимлари ва тил бириктириши, ноҳалол рақобатчилигини аниқлаш ва олдини олиш;

савдолар, иқтисодий концентрация ва давлат кўмагини монополияга қарши тарзда тартибга солиш;

бозор иштирокчилари, шу жумладан, табиий монополия субъектларига юқори ликвидли товарлардан (ишлар, хизматлар) фойдаланишда тенг шароитларни таъминлаш;

қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик;

в) Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари этиб:

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, тартибга солиш ва корпоратив бошқарув соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

қимматли қоғозлар амалиёти билан шуғулланувчи инвесторлар ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини назорат қилиш;

маҳаллий капитал бозорининг ривожланиш ҳолати ва унинг профессионал қатнашчилари тўғрисида инвесторлар ва жамоатчиликни хабардор қилиш;

инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этиш имкониятини берувчи янги молиявий воситалар турларини жорий қилишда кўмаклашиш;

фонд биржаларининг, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг фаолиятини лицензиялаш;

капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан самарали ҳамкорлик қилиш.

Мавзуга оид