12:08 / 25.01.2019
5709

Ўзбекистон ва Тожикистон темирйўлчилари ҳамкорликнинг янги режаларини муҳокама қилишди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида «Рохи охани Тожикистон» давлат унитар корхонаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, ўтган 2018 йилда икки давлат учун муҳим бўлган бир қатор юкларга преференциялар берилди, импорт-экспорт ташувларда ўзига хос чегирмалар тақдим этилди. Шу билан бирга, йўловчи ташишда бир қатор қулайликлар яратилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада изчил ривожлантириш, янги имкониятларни ишга солиш, манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида навбатдаги учрашув ташкил этилди. 

Тадбирда асосий эътибор юк ва йўловчи ташиш соҳасида ўзаро келишган ҳолда иш олиб бориш, транзит юклари ҳажмларини оширишга қаратилди. Шунингдек, 2019 йилда икки томондан тақдим этиладиган чегирмалар хусусида ҳам фикр юритилган.

Ҳар икки давлат темир йўл тармоғида юк ва йўловчи ташишни кўпайтириш борасида янги имкониятларни ишга солиш бўйича ҳам сўз юритилди. Ўзаро суҳбат чоғида ушбу масалалар атрофлича муҳокама этилди ва амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди, дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида. 

Учрашув сўнггида муҳокама этилган масалалар юзасидан йиғилиш баённомаси имзоланган.

Top