15:17 / 14.02.2019
28884

Қаршидаги истироҳат боғи можароси. Миллий банк муносабат билдирди, Бош прокуратура вазиятни назоратга олди

Ўзмиллийбанк Kun.uz сайтида эълон қилинган «Тадбиркорлар можароси. Қашқадарёда президентга кўрсатилган лойиҳа нега охиригача етказилмай қолмоқда?» сарлавҳали мақолага муносабат билдирди. 

Мақолада миллиардлаб кредит олган тадбиркор Қарши шаҳрида истироҳат боғи қуришни охирига етказишида сунъий тўсиқлар пайдо бўлганидан шикоят қилган, президентга тақдим қилинган мазкур лойиҳа майдонининг бир қисми айрим мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилаётгани баён этилганди.

Қарши шаҳри ҳокими Жамшид Фозилов ўз изоҳида бу лойиҳа президентга Миллийбанк томонидан тақдим этилгани ҳақида гапирганди.

«Суд қарори билан автотураргоҳ майдони «Техномаш» МЧЖга берилган. Лойиҳа ўша вақтда президентга кўрсатилган. Уларнинг ташаббуси билан бўлган. Агар прокуратура протест келтириб, суд қарори асосида бекор қилса, менинг қарорим ҳам бекор бўлади. Лойиҳани Шавкат Мирзиёевга Миллий банк тақдим этган. Кўрсатишдан аввал шаҳар ҳокимлигидан сўрамаган. Лойиҳа банкнинг кредити эвазига бўлган. Далолатномалардаги тафовутга тўхталсак, ўша вақтда Миллий банк раиси келган вақтда бир кунда тезлаштириб қилинган иш эди. Қарор ости ҳужжатининг  ҳақиқийсини кейинроқ тақдим этганмиз», - деб тушунтириш берганди шаҳар ҳокими. 

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳам ушбу фикрларга ўз раддиясини бериб ўтди.

Унда маълум қилинишича, ҳоким томонидан келтирилган важлар ҳақиқатдан йироқдир.

«Ҳукумат раҳбари (Ш.Мирзиёев)нинг 2016 йил 15 сентябрдаги 02-08-60-сонли топшириғига асосан, вилоят ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик, идоралар билан биргаликда Ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Республиканинг йирик шаҳар ва туман марказларида ташаббускорларни аниқлаб, истироҳат боғларини ишга тушириш бўйича Дастур ишлаб чиқиш топшириғи берилган.

Вилоят ҳокимлигининг Вазирлар Маҳкамасига юборилган 2016 йил 29 октябрдаги 1-05/2200-сонли хатида, ҳокимлик томонидан «ASINZA-BZ» МЧЖ лойиҳаси тавсия қилиниб, мазкур лойиҳа қўллаб-қувватланиши ва биргаликда амалга оширилиши билдирилган.

Ҳукумат раҳбари томонидан 2016 йил 11 ноябрда ўтказилган (2016 йил 15 ноябрдаги 01-02-11-83-сон билан рўйхатга олинган) 1-сонли йиғилиш баёнига асосан, Республиканинг йирик шаҳар ва туман марказларида маданият ва истироҳат боғларини ишга тушириш бўйича манзилли Дастур тасдиқланган.

Ушбу Дастурда Қарши шаҳридаги А.Навоий номли истироҳат боғининг 42,2 гектар майдонидан 6,0 гектар майдонида маданият ва истироҳат боғини ишга тушириш белгиланган.

Баённинг 3-бандида ҳудудий ҳокимликларга икки ҳафта муддатда Дастурга киритилган маданият ва истироҳат боғлари учун ўрнатилган тартибда ер ажратиш юзасидан тегишли қарорларни қабул қилиш вазифаси юклатилган.

2016 йил 28 ноябрда Қарши шаҳар ҳокимининг Х-1576/11-сонли қарори билан «ASINZA-BZ» МЧЖга маданият, дам олиш ва истироҳат боғини қуриш ҳамда замонавий аттракционларни ўрнатиш учун А.Навоий истироҳат боғи ҳудудидан шаҳар захираси ҳисобига олинган 5 гектар ер майдони ажратилган.

Баённинг 6-бандида тижорат банкларига Дастурдаги ташаббускорларнинг кредит аризаларига кўра, узоқ муддатли, имтиёзли (йиллик қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоизларда) кредитлар ажратилишини таъминлаш тавсия этилган.

Давлат раҳбарига Ўзмиллийбанкка юклатилган вазифанинг бажарилиши юзасидан ахборот бериш мақсадида президентнинг 2017 йил 24-25 февраль кунларидаги Қашқадарё вилоятларига ташрифлари давомида вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда давлат раҳбарига тақдимот ўтказилган.

«ASINZA-BZ» МЧЖнинг кредит аризаси ва ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқиб, ташаббускорга замонавий аттракционлар ҳарид қилиш ҳамда қурилиш ва жиҳозлаш ишларини якунига етказиш учун банк томонидан зарур кредит маблағлари ажратилган.

Лойиҳа ташаббускорининг 2018 йил 4 январдаги 5-сонли хатига асосан, давлат раҳбарига тақдимот қилинган лойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, 40та янги иш ўринлари яратилгани маълум қилинган», дейилади банк изоҳида.

Бош прокуратуранинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур низоли вазият тўлиқ Бош прокуратура назоратига олинган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top